Ссылки доступа

Прокурор собиқ МХХ раҳбарларига узоқ муддатли қамоқ жазолари сўради


Шу йилнинг 18 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Ҳарбий судида давлат айбловчиси судлов ҳайъатидан бир гуруҳ МХХ (жорий номи ДХХ - Давлат хавфсизлик хизмати) мулозимлари, прокурор, милиция ва тадбиркорлардан иборат, жами 12 нафар кишига нисбатан узоқ муддатли қамоқ жазолари тайинлашни сўради.

Давлат айбловчиси суднинг қора курсисида ўтирган МХХ раисининг собиқ ўринбосари, полковник Шуҳрат Тошпўлатовни 12 йилга, МХХ раиснинг Ички хавфсизлик масалалари бўйича ўринбосари, генерал-майор Ҳаёт Шарифхўжаевни 14 йилга, МХХ Тергов бошқармаси тергов бўлими бошлиғи, полковник Нодир Тўрақуловни 16 йилга, МХХ Сурхондарё вилоят бошқармаси тергов бўлими терговчиси, подполковник Эргашевни 10 йилга озодликдан маҳрум қилишни сўради.

Давлат айбловчиси махфий хизмат ходимларининг барча ҳарбий унвонлари, давлат мукофотларини бекор қилишни талаб қилди. Айни пайтда, собиқ МХХнинг 4 мулозими, прокуратура терговчиси ҳамда ички ишлар зобити билан бирга 6 нафар тадбиркор ҳам судланмоқда. Давлат айбловчиси уларни 6 йилдан 10 йилгача озодликдан маҳрум қилишни сўради.

Шунингдек, мазкур шахсларнинг давлат ва фуқаролар манфаатларига
келтирган бир неча миллиардлик зарарларини мажбурий тартибда ундириш ва уларга қўшимча равишда энг кам маош миқдорининг 100 бараваридан 600 бараваригача жарима жазолари қўлланилиши белгиланган.

Судланувчилар фирибгарлик, товламачилик, мансаб ваколатини суиистеъмол қилиш, қийноққа солиш, жиноий уюшма ташкил этиш, ҳокимиятни суиистеъмол қилиш сингари моддаларда кўзда тутилган жиноятларни содир этганликда гумонланган. Келгуси ҳафтада мазкур жиноят иши юзасидан суд ҳукми эълон қилиниши кутилмоқда.

XS
SM
MD
LG