Ссылки доступа

Ўзбекистонда ўқувчининг юзига жароҳат етказган педагог жаримага тортилди


Ҳодиса Қорақалпоғистоннинг Тўрткўл туманидаги 5-сонли санаторий мактаб-интернатида юз берди. Туман маъмурий суди ўз ўқувчисининг пешонасига “Аҳмоқ” деб ёзишга уринган тарих ўқитувчиси Бекмамат Нурметовни жаримага тортди.

Тўрткўл туман суди ҳужжатида таъкидланишича, 18 апрель куни санаторий типидаги мактаб-интернат ўқитувчиси Бекмамат Нурметов ўз ўқувчисига тан жарҳати етказган, у ручка билан ўқувчининг пешонасига ҳақоратли сўз ёзишга уринган.

«Озодлик» мухбири билан суҳбатда мактаб -интернат ўқувчиларидан бири19 октябр куни тарих ўқиувчиси бу каби жазони барча ўқувчиларга нисбатан қўлланилганини тан олди.

- Сал гап бўлса, пешонангга ëзиб қўяди ручкаси билан. "Ахмоқ" деб ëзади, "жинни" деб ëзади. Исмингни ëзиб қўяди. Тарихчи устоз Бекмамат ака пешонасига ëзаман деганда юзи тирналиб кетган болабилан бир партада ўтираман. Дарс вақтида ичида запаси йўқ ручкани партага ишқалаб ўтирганда Бекмамат устоз келиб нега партага чизасан деб урди. Кейин пешонасига ëзаман деганда у юзини буриб юборганда тирналиб қонаб кетди¸ - деди Тўрткўл туманидаги 5-сонли санаторий мактаб-интернатининг 9 - синф ўқувчиси.

Айни мактаб-интернат тарбиячиси Зулфия Мавлонованинг айтишича¸ юзи тирналган ўқувчининг ота-онаси ҳуқуқ-тартибот органларига шикоят қилганидан кейин ишни суд кўриб чиққан:

- Тарих ўқитувчиси Бекмамат Нурметов Маъмурий ишлар бўйича Тўрткўл туман суди ҳукми билан жаримага тортилди, аммо мактабда ишлаяпти. Болаларни изза қилиш ва уларга жисмоний жазо қўллаш давом этмоқда.

Маъмурий ишлар бўйича Тўрткўл туман суди ҳукмига кўра “Ўқувчини изза қилиб тан жароҳати етказган тарих ўқитувчиси Бекмамат Нурметов 344¸480 сўм (40 АҚШ доллари) миқдорида жаримага тортилган.

XS
SM
MD
LG