Ссылки доступа

Душанбе сауналарига никоҳ тўғрисидаги муҳр бўлмаган жуфтлар киритилмаяпти


Душанбе сауналарига расмий никоҳда бўлмаган жуфтларнинг биргаликда кириши тақиқланди. Сауналарнинг эгалари эндиликда саунада дам олиб, буғланишни истовчи жуфтлардан никоҳ тўғрисидаги гувохнома сўралаётганини тасдиқлашди.

«Эр-хотин жуфтлар учун тўсиқ йўқ, аммо никоҳ ришталари билан боғланмаган жуфтларга бу каби дам олиш тақиқланади. Бу қоида фақат шаҳар расмийлари томонидан ўрнатилди», - дейди 22 октябрь куни хабардор манба.

Душанбеда истиқомат қилувчи Дилшодни ўтган ҳафта рафиқаси билан саунага киритишмади, чунки уларнинг қўлларида никоҳ тўғрисидаги ҳужжат йўқ эди. У 22 октябрь куни ойда бир марта рафиқаси билан саунага боришни анъанага айлантирганини, аммо янги қоидалар ўзи учун кутилмаган бўлганини маълум қилди. «Биз янги қоидалар ҳақида билмаган эдик, шу сабабли ўзимиз билан никоҳ гувоҳномасини олмадик ва эр-хотин эканлигимизни исботлай олмадик. Шу тариқа саунада дам ололмай қайтдик. Сауна эгалари бу ҳукумат қарори эканини ва бу қарорга бўйсинишларини айтишди», - дейди суҳбатдош.

Унинг айтишича, расмийлар янги қоидалар ҳақида аҳолини аввалдан хабардор қилиши керак эди.

Пойтахтдаги 26 микротуманда жойлашган сауналардан бирининг ходими Алишер, никоҳ тўғрисидаги гувоҳнома ёки паспортдаги тегишли муҳрни тақдим қилиш раҳбариятнинг кўрсатмаси эканлигини айтди. Улар шу тариқа ўзларининг муассасаси фоҳишахона сифатида фойдаланилмаётганини исботлашар экан.

Тожикистон ИИВ матбуот котиби Умаржон Эмомалининг 22 октябрь куни маълум қилишича, бу каби қоидалар сауналардан фоҳишабозлик билан шуғулланиш мақсадида ташкил этилишининг олдини олиш мақсадида киритилган. Шу сабабли сауна ва бошқа муассасалар ўз мижозлари устидан назоратни кучайтиришлари юзасидан огоҳлантирилдилар. «Шундай ҳодисалар бўлдики, милиция ходимлари дам олиш зоналари, меҳмонхона, сауналарда енгил табиатли аёлларни ушлашди ва кейинчалик бу лавҳалар телевидениеда кўрсатилди», - дея таъкидлади Умаржон Эмомали.

Сауналар билан бир қаторда меҳмонхоналар ҳам огоҳлантирилдилар. Душанбеда яшовчи Махваш исмли аёл иш билан Хўжандга келди, унинг айтишича, шаҳардаги хусусий меҳмонхоналарда хоналар эр-хотин бўлмаган жуфтларга берилмаслиги борасидаги лавҳаларни учратган.

XS
SM
MD
LG