Ссылки доступа

РФда рейд вақтида мигрантлар худди ҳарбий асирлар сингари "конвой қилинди"


Россия ҳуқуқ ҳимоячилари 20 октябрь куни ноқонуний миграцияни фош қилиш мақсадида Туладаги меҳнат муҳожирларига нисбатан ўтказилган “рейд” - бу руҳий жазолаш эканлигига ишонишларини айтишмоқда.

Чунки қўлга олинганларга нисбатан мажбурий меҳнатга жалб қилинган ҳарбий асирларга бўлганидек муносабатда бўлинган.

Россиядаги меҳнат мигрантларига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш билан шуғулланиб келаётган ҳуқуқ ҳимоячиси Валентина Чупикнинг 22 октябрь куни айтишича, икки кун мобайнида Туладаги муҳожирлардан ўнлаб шикоятлар олган.

«Улар махсус қабулхоналардан ёзишмоқда, қўнғироқ қилишмоқда, ҳамда қонунга зид равишда ушланганликларини айтишмоқда. Мен уларга ўзлари ҳақида маълумот беришларни, шу тариқа уларнинг номидан юқори инстанцияларга шикоят ёзишим мумкинлигини айтаяпман. Бироқ ҳеч ким рози бўлмаяпти. Полиция ходимлари агарда шикоят қилгудек бўлишса, уларни Россиядан сўзсиз депортация қилишлари билан пўписа қилишади. Муҳожирлар қўрқишади», - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Унинг айтишича, полиция одамларга шу каби муносабатда бўлмаслик - уларни худди ҳарбий асирлар каби сафга турғизиб қўйиш ёки соатлаб деворга юзини қаратган ҳолда улаб туриш керак эмаслигини яхши билишади. Улар шунингдек, бунинг учун жазога тортилишларни ҳам билишади ва шу сабабли мигрантларга депортация билан таҳдид қилишади.

Валентина Чупикнинг айтишича, сўнгги вақтларда Россия шаҳарларида меҳнат муҳожирларига нисбатан “рейд”лар кўпайган. «Яқинда бу каби ишлар Владивосток, Сахалин ва Приморе ўлкасида юз берди. Бу каби ҳаракатлар сабаблари айтилмайди, менинг фикримча, муҳожирларни ошкора ушлашни намойиш қилиш билан ҳукумат маҳаллий аҳолини қўрқувда ушлаб турмоқчи», - дейди ҳуқуқ ҳимоячиси.

Шу билан бирга Тула полиция бошқармаси, мигрантларни ушлаш ва оммавий тарзда ҳужжатларни текшириб туриш бу ноқонуний муҳожирларни фош қилишга қаратилган одатий рейд эканлигини маълум қилди. Туладаги икки кунлик рейд мобайнида 78 нафар меҳнат мигранти маҳаллий аҳолининг уйида рўйхатдан ўтгани, аммо у ерда яшамаслиги аниқланди.

Рафиқаси билан “рейд”га тушиб қолган тожик мигрантларидан бири бўлмиш Саъдининг айтишича, полициянинг бу каби ҳаракатлари, ўз рейдларни маҳаллий телевидение орқали кўрсатишлари ҳақоратлашдан иборатдир, аммо иш ва даромадлардан айрилиб қолмаслик учун оиласи билан ҳаммасига чидашга мажбур.

XS
SM
MD
LG