Ссылки доступа

Қўқонда коллежнинг бир неча ходими ўқувчи қизларни зўрлашда гумонланмоқда


Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот идоралари ​Қўқон шаҳридаги Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежида ўқувчи қизлар жинсий зўрлангани юзасидан тергов бошлади.

Фарғона вилоят, Қўқон шаҳар Махсус енгил саноат касб-ҳунар коллежининг исми сир қолишини сўраган ходимига кўра, "тарбияси оғир ўқувчилар ўқийдиган" мазкур коллежда шу йилнинг 24 сентябрь куни шаҳар прокуратураси томонидан аноним сўров ўтказилган. Сўров натижаларига кўра, ўқитувчи ва коллеж ходимлари сўроққа чақиртирилган.

- Бундай сўровнинг ўтказилишига коллежда ўқийдиган 16 ёшли қизнинг ҳомиладор бўлиб қолиши сабаб бўлди. Аноним сўроқ жараёнида бошқа қизлар ҳам жинсий зўрлаш холатларини ёзиб беришган, - деди коллеж ходими.

Сўров ортидан шаҳар прокуратураси шу йилнинг 15-20 октябрь кунлари коллежнинг молиявий, ташкилий ва тарбиявий ҳолати бўйича тафтиш ўтказган. Коллеж директори талон-тарожлик ва мансаб ваколатини суиистемол қилиш, унинг ҳайдовчиси ва коллеж қоровули, ёшлар етакчиси ва руҳшуноси инсий зўровонликда айбланиб, ҳибсга олинган.

- Гумонланувчиларнинг аксари тергов даврида гаров эвазига озод қилинган, коллеж директори эса қамоқда қолмоқда", - деди коллеж ходими.

Фарғона вилоят ҳуқуқ-тартибот органларида ишловчи мулозимнинг айтишича, гумонланувчиларга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг "номусга тегиш", "жинсий эҳтиёжни ғайритабиий усулда қондириш", "ўн олти ёшга тўлмаган шахсга нисбатан уятсиз-бузуқ ҳаракатлар қилиш", "мансаб ваколатини суиистъемол қилиш ва пора олиш" сингари моддалари билан жиноят ишлари қўғатилган.

Исми сир қолишини сўраган гумонланувчи иддаосича, тергов давомида улар қийноққа солинган. "Уч куннинг ичида гумондор ўқитувчи ва ходимларни Қўқон милицияси шу қадар қийноқларга солганки, қоровул ва директорнинг шопирини тез тиббий ёрдам олиб кетди. Ҳатто ёшлар етакчисини майиб қилиб, бўйнига қўйишди. Барибир бу қабиҳликлар эрта-индин очилса керак. Президентимиздан умид қиламиз", - деди гумонланувчилардан бири.

Коллеж ходимасига кўра, ҳозирда таълим муассасасининг 80 дан ортиқ ходим ва ходималари ишга чиқмаяпти. Уларнинг аксариятидан ишдан бўшаш ҳақида ариза олинган. “Фарғона вилояти Касб-ҳунар таълими бошқармаси томонидан мазкур бўшлиқни тўлдириш учун бошқа коллеж ва лицейларнинг ўқитувчилари сафарбар қилинган.Бу махсус коллеж бўлгани учун ҳам жараёнда қатор муаммолар туғилмоқда” - дейди ходима.

XS
SM
MD
LG