Ссылки доступа

АҚШ Тожикистонни адвокат Бузургмеҳр Ёровнинг ишини қайта кўриб чиқишга чақирди


23 октябрь куни Душанбеда бўлиб ўтган тожик-америка сиёсий маслаҳатлашувлар доирасида АҚШ давлат департаменти вакили 2016 йилда 28 йил муддатга қамоққа ҳукм қилинган адвокат Бузургмеҳр Ёровнинг жиноий ишини қайта кўриб чиқилишини сўради.

Бундан аввал халқаро ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилотлар ва айрим ғарб мамлакатлари шу чақириқ билан чиққан, аммо тожик расмийлари бу масала юзасидан қарорини ўзгартирмади.

АҚШ давлат котибининг Жанубий ва Марказий Оситё, матбуот ва жамоат дипломатияси бўйича ёрдамчисининг ўринбосари Эмилия Пума 24 октябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида таъкидлашича, маслаҳатлашувлар вақтида икки томонлама ҳамкорликнинг турли соҳалари билан бир қаторда Тожикистонда инсон ҳуқуқларини муҳофаза қилиш масаласи ва фуқаролик жамиятлари вакилларига кўпроқ эркинлик берилиши ҳам муҳокама қилинган.

Жумладан, Пуманинг сўзларига қараганда, у тожик расмийларини ҳукм қилинган адвокат Бузургмеҳр Ёровнинг иши қайта кўриб чиқилишига чақирган. «Тожикистон томони ўз далилларини айтди, биз бу иш қайта кўриб чиқилишига чақирдик», - деди Пума.

Бузургмеҳр Ёров 2016 йил октябрь ва 2017 йил мартида чиқарилган иккита ҳукм бўйича 28 йил муддатига озодликдан маҳрум қилинган. Тожикистон Ислом Уйғониш партиясининг ушланган аъзоларининг ҳуқуқ ва манфаатларни ҳимоя қилишга аҳд қилган адвокат узоқ муддатга қамоққа ҳукм қилинди. Ёровнинг қариндошлари ва фуқаро фаолларининг фикрича, унга нисбатан очилган иш сиёсийлаштирилган, бироқ ҳукумат мамлакатда сиёсий маҳбуслар борлигини инкор қилади.

Бузругмеҳр Ёровнинг рафиқаси Заррина Набиеванинг 24 октябрь куни айтишича, ҳукм эълон қилинганидан сўнг адвокатлар бир неча бор ҳукм устидан шикоят қилишга уринишди, бироқ барча саъй-ҳаракатлар зое кетди. «Аввалига адвокат сифатида эримнинг укаси Жамшед Ёров чиқди, аммо унинг апелляциясини кассация суди қабул қилмади. Шундан сўнг ишга адвокат Муаззама Қодирова киришди, бу ҳам самара бермади. Ҳозир ҳар икки адвокат мамлакат ташқарисида яшайди», - дейди суҳбатдош.

XS
SM
MD
LG