Ссылки доступа

Хоразмда йўқолган 8 ёшли Диананинг жасади топилди. Қизалоқнинг амакиваччаси ҳибсга олинди


Хоразм вилоятининг Хива туманида изсиз йўқолган 8 ёшли Диана Аҳмедованинг жонсиз жасади йўқолганидан 21 кун ўтиб айни туманнинг Пишканак қишлоғидан оқиб ўтувчи ариқдан топилди. Уни бўғиб ўлдириб, ариққа ташлаганликда гумонланиб унинг аммакивачаси ҳибсга олинган.

Лекин, қотиллик мотиви номаълум бўлиб қолмоқда. Жасади ариқдан топилган қизнинг ота-онаси уч йилдан буён Россияда ишлайдилар. Қиз бобоси ва бувиси қарамоғида қолганди. Қизнинг бобоси Аҳмед Ёқубов невараси бўғиб ўлдирилгани белгилари билан 24 октбяр куни уйидан 7 километр олисдаги ариқдан топилганини айтди.

- Укамни ўғли қизни бўғиб ариққа ташлаганини айтганидан сўнг, уни шу ариқдан қидиришди. Топиб бўлмагач, ариқни суви тўхтатилди, шундан кейин Дианани жасади топилди. Ҳозир жиянимни қамоққа олишди. Нимага бундай қилганини айтмаяпти, номусига текканми, билмаяпмиз, - дейди Аҳмед Ёқубов.

Хоразм вилояти Хива тумани Ички ишлар бўлими бедарак йўқолган 8 ёшли Диана ўлик ҳолда топилганини тасдиқлади, аммо, тергов иши давом этаётгани боис, бу ҳақда қўшимча маълумот бера олмаслигини айтди.

Диананинг отаси Ҳушнуд Ёқубов, ягона фарзанди Диананинг йўқолганидан хабар топиб, Ўзбекистонга қайтиб келган.

XS
SM
MD
LG