Ссылки доступа

Россияда кўча намойишларида ўнлаб фаоллар ушланди


Сиёсий маҳбусларни ҳимоя қилиш мақсадида Москва ва Петербургда бўлиб ўтган акциялар ҳибсга олишлар билан якунланди – 60га яқин киши полицияга олиб борилди. Бир неча киши эрталабгача полиция участкасида қолди, кўпчилик протокол тузилганидан кейин қўйиб юборилди.

Акциялар «Бизнинг ва сизнинг фарзандларингиз учун» шиори остида ўтди. Тадбирлар «Янги Буюклик иши» ва «Тармоқ иши» бўйича ҳибсга олинганларнинг ота-оналари томонидан ташкиллаштрилди. «ОВД-Инфо» сайтининг хабарига кўра,Москвада ФСБ (ФХХ) биноси олдидаги акцияга 500 киши чиқди. Пойтахт расмийлари ташкилотчиларга намойиш ўтказишга рухсат бермади, шу сабабли ташаббус гуруҳи ҳоҳловчиларга Лубянка майдонидаги ФХХ биноси олдига бирор бир плакат ва шиорларсиз келишлари борасида таклиф билан чиқди.Акция ўтказилишига ҳалақит бериш мақсадида SERB ташкилотининг фаоллари етиб келди. Москвада 18 киши ушланди.

Санкт-Петербургда расмийлар ташкилотчиларга Марс майдонида митинг ўтказишга рухсат бермади. ФаолларПетербург марказига халқ сайлига чиқди. «Озодлик» радиоси мухбирининг хабарига қараганда, полиция 40 кишини, жумладан 12 ёши қиз ва бир нечта балоғатга етмаганларниушлади. Ушланганларнинг ҳаммаси протокол тузилганидан сўнг, кечга бориб қўйиб юборилди. Қизни олиб кетиш учун онаси келди, аммо онасининг ҳужжати бўлмагани сабаб аввалига қизни унга беришмади.

Ростов-Донда «Тармоқ иши» ва «Янги буюклик иши» бўйича фигурантларни қўллаб-қувватлаш мақсадида бир неча ўн киши митингга чиқди. Полиция иштирокчиларидан бири, «Очиқ Россия» ҳаракатининг фаоли Максим Руденкони ҳибсга олди. Орадан икки соат ўтиб уни қўйиб юборишди, унга нисбатан Россияда «номақбул бўлган» ташкилотга алоқаси борлиги тўғрисида протокол тузишди.

Новосибирскда якшанба куни сиёсий фаолларнинг ҳибсга олинишига қарши якка тартибда пикетлар бўлиб ўтди. "Сибирь.Реалии" сайтининг хабар қилишича, пикетда «Тармоқ иши» бўйича таъқиб қилинган Новосибирскда яшовчи Арман Сагинбаевнинг онаси қатнашди. Полиция пикет иштирокчиларини ҳибсга олмади.

«Янги буюклик» ва «Тармоқ» ишлари бўйича фигурантларни ҳимоя қилиш мақсадида якшанба куни Пензада ҳам митинг бўлиб ўтди. Ташкилотчиларнинг маълум қилишича, акция ҳибсга олинишларсиз якунланди. Сиёсий маҳбусларни ҳимоя қилиш мақсадида пикетлар Воронеж, Иркутск ва Нижний Новгородда ҳам бўлиб ўтди.Хельсинкида фаоллар Россиянинг Финландиядаги элчихонаси олдида пикет ўтказдилар.

XS
SM
MD
LG