Ссылки доступа

Тожикистонда рус ҳарбий унвонларига муқобиллари изланмоқда


Тожикистонда совет давридан бери сақланиб қолган ҳарбий унвонларининг муқобилларини топишга қарор қилишди. Тожикистон ҳукумати қошидаги тил ва терминология қўмитаси яқинда тожикча ҳарбий унвонларни тасдиқлаш мақсадида олим, тарихчи ва ҳарбийлардан иборат махсус гуруҳ ташкил қилди.

Мутахассислар шунингдек ҳарбий ибора ва ҳарбий бўлинмаларнинг номини ҳам давлат тилига таржима қилишлари керак бўлади.

«Мутахассислар ҳарбий унвонларнинг тожикчасини таклиф қилишди: ефрейтор - радабон, кичик сержант - даставар, сержант - дастаёр, катта сержант - дастабон, старшина - сардаста, капитан – садавар, подполковник – лашкарёр, полковник – сарлашкар», - дейди тил ва терминология бўйича қўмита маъсул ходими Абдураҳим Зулфониён. Унинг айтишича, ҳозирги ҳарбий унвонларга муқобил номлар устида иш олиб борган мутахассислар Аҳмонийлар, Сасонийлар ва Самонийлар давридаги қадимий қўлёзмаларни ўрганишди.

Тил ва терминология қўмитаси ҳозирча юқори ҳарбий унвонлар - генерал-майор, генерал-лейтенант ва генерал-полковникни тожикчага таржима қилиш масаласида ягона фикрга келишгани йўқ. Айрим мутахассислар «генерал» унвонини «солор»га таржима қилиш борасида таклиф беришди, бошқа таклифлар ҳам берилди, бу таклифларни махсус гуруҳ аъзлоари ўрганиб чиқиши керак, дея таъкидлайди Абдураҳим Зулфониён.

Бундан аввал Тожикистон Миллий хавфсизлик давлат қўмитасининг собиқ раиси, истеъфодаги генерал-полковник Сайдамир Зухуров баёнот бериб, ҳарбий унвонларни тожик тилига таржима қилишга эҳтиёж йўқлигини айтган эди, унинг фикрича кўплаб мамлакатларда «генерал» атамасидан фойдаланилади.

Аввалроқ Тожикистон ҳукумати ҳужжатларда русча фамилия ва отасининг исмидан фойдаланишни расман тақиқлаган эди. Тожикистон раҳбари Эмомали Раҳмон 2007 йилдаёқ ўз фамилиясидаги русча “ов”дан воз кечган эди, кейинроқ кўплаб амалдорлар ундан ўрнак олди. Бироқ бир неча ойдан кейин Тожикистоннинг минглаб фуқаролари, асосан меҳнат мигрантлари исми-шарифи ва фамилиясини ёзишда русча вариантга қайтди. Уларнинг айтишича, русча фамилиялар Россия полицияси билан бўладиган кўплаб муаммоларни четлаб ўтишга ёрдам берар экан. Шунингдек, иш берувчилар тожикча исмни фамилиядан ажрата олаётганига барҳам беради.

XS
SM
MD
LG