Ссылки доступа

Грузияда президентлик сайловининг иккинчи босқичи бўлиб ўтади


Якшанба куни бўлиб ўтган сайловларнинг биринчи босқичида Грузия президентлигига даъвогарлик қилган номзодлардан бирортаси ҳам сайловчиларнинг 50 фоиз овози олишга муваффақ бўлмади. Бу ҳақда Грузия марказий сайлов комиссияси сайловчилар овозининг 99 фоизини ҳисоблаб чиққанидан сўнг баёнот берди.

Мустақил номзод Саломе Зурабишвили олдинда бораяпти, уни ҳукмрон “Грузия орзуси” партияси қўллаб қувватламоқда. У сайловчиларнинг 38,6 фоиз овозини олди. Унинг яқин рақиби, мухолифат номзоди Григол Вашадзе бир фоиз ортда бормоқда.

Мухолифат ҳозирданоқ ҳукуматни овоз бериш якунларини қалбакилаштиришга уринишда айблаб чиқди, собиқ президент Михаил Саакашвили эса бу ҳолда Грузияни “халқ ғазабининг цунамиси” кутаётгани билан пўписа қилди.

Грузия МСК раиси Тамар Жваниянинг айтишича, қонунга кўра овозларни ҳисоблаб чиқиш учун 20 кун муҳлат берилган, шундан сўнг икки ҳафтадан кейин иккинчи тур сайловлар белгиланиши мумкин, дея хабар беради "Интерфакс".

Бу Грузия тарихидаги мамлакат фуқаролари тўғридан тўғри давлат раҳбарини сайлайдиган сўнгги овоз беришдир. 2023 йилдан кейин Грузия президенти парламент ва минтақаларнинг вакиллари томонидан сайланади. Шу билан бирга асосий ҳукумат ваколатлари мамлакат бош вазири қўлига ўтади.

XS
SM
MD
LG