Ссылки доступа

Туркманистон расмийлари Олимпия шаҳарчасидаги уйларни сотмоқда


Ашхобод расмийлари Олимпия шаҳарчасида жойлашган уйларни сотмоқда, бу уйларда ўтган йилнинг сентябрида Осиё ўйинлари вақтида спортсменлар яшаган эди.

«Озодлик»нинг ҳукуматга яқин манбасининг хабар қилишича, тўлалигича қайта таъмирланган уйлар айни дамда вазирлик ва идоралар ходимларига таклиф қилинмоқда. "Уйлар аллақачон қайта таъмирланди, мебель бор, ошхона, ҳатто идишларгача мавжуд. Асосан нефтгаз соҳаси, турли вазирликларнинг ходимларига таклиф қилишмоқда", - дея таъкидлайди манба.

Унинг айтишича, турар-жойлар шинам бўлишига қарамай, нархларнинг юқорилиги туфайли сотиб олувчилар кўп эмас. "Кўпчилик учун нархлар тўғри келмаяпти. Икки ва уч хонали уйлар 5 миллиондан бошланади. Илк бадал умумий нархнинг камида 20%ни ташкил қилади. Ойлик маош 2-3 минг манат бўлса бу нархлар тўғри келмайди. Агар 20-25 йилга кредит олинса ойлик тўлов 18-20 минг манат бўлади. Вазирликларда маошлар 2-3 минг манат. Бошқарма бошлиқлари 6 минггача олади", - дея хабар беради манба.

Туркманистон МБнинг давлат курси бўйича 2-3 минг манатлик ойлик маош тахминан 666-857 АҚШ долларига тўғри келади. Уйларнинг энг кам баҳоси 5 миллион манат, давлат курси бўйича 1 миллион 428.5 минг АҚШ доллари демакдир.

Айрим давлат идоралари ходимларининг сўзларига қараганда, айни дамда турар-жойлар оммавий кўздан кечирилмоқда. "Бизларни ҳам олиб бориб кўрсатишди, хонадонлар яхши, худди люкс меҳмонхоналарига ўхшайди. Бироқ чўнтагимизга тўғри келмайди. Энди хонадонлар квота бўйича идоралар ўртасида тақсимланишидан ва ходимларга мажбуран сотилишидан барча хавотирга тушиб қолди. Раҳбарлар ташвишга тушиб қолган", - дейди «Озодлик» суҳбатдоши.

Бундан аввал мамлакат раҳбариятининг «бу уйларни вазирлик, идора ва парламент депутатлари ихтиёрига бериш», кейинроқ эса «мамлакат фуқароларига сотилиши» борасидаги қарори расман эълон қилинган эди.

Ашхободдаги Олимпия шаҳарчаси мамлакат бюджетидан 2017 йил сентябрида бўлиб ўтган V-Осиё ўйинлари муносабати билан қурган йирик инфратузилма объекти ҳисобланади. 157 гектар майдондаги спорт иншоатлари ва турар-жойларни Туркиянинг Polimeks компанияси қурган. Айрим маълумотларга қараганда, қурилиш учун сарфланган харажатлар 5.5 миллиард АҚШ долларидан ошиб кетган.

XS
SM
MD
LG