Ссылки доступа

Boeing-737 қулаб тушган жойда тирик қолган йўловчилар топилмади


Индонезия фавқулодда вазиятлар агентлиги вакилининг маълум қилишича, Boeing-737 самолёти қулаб тушган ҳудуднинг чуқурлиги 30-40 метрни ташкил этади.

Денгизда Lion Air авиакомпаниясига тегишли самолётнинг йирик қолдиқлари топилгани ҳақида биринчи бўлиб ҳалокат жойи яқинида бўлган фуқаролик кемаси экипажи хабар берган эди, деб ёзади Би-би-си.

Индонезиянинг Lion Air компаниясига тегишли Boeing-737 йўловчи самолёти Жакартадаги аэропортдан ҳавога кўтарилганидан сўнг бир неча дақиқа ўтиб фалокатга учраган эди. Ҳаво лайнери Ява оролининг ғарбий соҳилидаги денгизга қулаб тушганди. Унинг бортида 189 нафар йўловчи ва экипаж аъзолари, жумладан, уч нафар ёш бола, икки учувчи ва беш борт кузатувчиси бўлган.

Самолёт Жакартадан Банка оролидаги Панкалпинанг шаҳрига рейсни амалга ошираётган эди. Лайнер парвозга кўтарилганидан 13 дақиқа ўтиб радар экранларидан йўқолиб қолган.

Lion Air Индонезиядаги энг йирик хусусий авиакомпаниядир. У мамлакатдаги 126 та шаҳарга, бундан ташқари, Сингапур, Вьетнам, Малайзия ва Саудия Арабистонига қатновларни йўлга қўйган. Boeing-737 MAX 8 модификациясидан 2016 йилдан бери фойдаланиб келинади ва у фирма тарихида энг тез сотилган самолёт эканлигини намоён этганди.

XS
SM
MD
LG