Ссылки доступа

БМТ: Тожикистон фоҳишабозлик учун жазони бекор қилиши керак


БМТнинг хотин-қизларни камситилишига қарши қўмитаси Тожикистон ҳукуматига мурожаат қилиб фоҳишабозлик учун бериладиган жазони бекор қилишларини сўради. Тожикистонда «ишқ илҳомчилари» жаримага тортилади ёки 15 кун муддатга маъмурий ҳибсга олинади.

31 октябрь куни БМТнинг хотин-қизларга нисбатан камситишларни бартараф этиш Қўмитасининг аъзолари Женевада Тожикистоннинг ҳисоботини тинглади. Тожикистон бош прокурори Юсуф Раҳмон бошчилик қилган делегация таркибида Хотин-қизлар ва оила ишлари бўйича Қўмита раҳбари Идигул Қосимзода, Тожикистон президенти ҳузуридаги Статистика агентлиги раҳбари Гулнора Ҳасанова бор эди.

Бош прокурор баёнот бериб Тожикистонда фоҳишабозлик учун жиноий жавобгарлик йўқлигини айтди. «Тожикистонда фоҳишабозлик маъмурий ҳуқуқ бузилиши ҳисобланади. Бироқ қўшмачилар ва фоҳишахоналар ташкил қилган шахсларга нисбатан жиноий жазо берилиши кўзда тутилган», - дея таъкидлади Тожикистон делегацияси раҳбари.

Бироқ, БМТнинг хотин-қизларга нисбатан камситишларни бартараф этиш Қўмитаси аъзолари Тожикистон фоҳишабозлик учун бериладиган жазони тўлалигича бекор қилинишини талаб қилдилар.

Ҳуқуқ ҳимоячиларининг баёнотларига қараганда, Тожикистонда фоҳишабозларга бериладиган жазо қатъийлаштирилганидан сўнг, қадимий касб эгаларининг ҳаёти оғирлашиб кетган. Шу йилнинг июнь ойида минтақадаги иккита ҳуқуқни ҳимоя қилувчи ташкилот томонидан БМТ учун тайёрланган Ҳисоботда таъкиданишича, «ишқ ходимлари»ни таъқиб қилиш, уларга зўравонликлар ва ҳуқуқларни бузиш кенг тарқалмоқда, кўп ҳолларда бу ишлар ҳуқуқ тартибот идоралари ходимлари томонидан содир этилмоқда.

Душанбе фоҳишабозлик билан шуғулланувчи аёлларнинг аниқ сони ҳақида маълумотга эга эмас. 2015 йилда ОИВ/ОИТС, сил ва вабога қарши кураш Глобал фонди баёнот бериб, Тожикистонда 14 мингга яқин аёл фоҳишаликка жалб қилинганини маълум қилган эди. Тожикистон ИИВ ва Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу рақамларни «асоссиз» дейишди.

XS
SM
MD
LG