Ссылки доступа

ЕИ вакиллари Мирзиёевнинг Брюсселга кейинги йил бошида келишидан умидвор


Европа иттифоқи бош қароргоҳи 2019 йилнинг бошида Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёевнинг Брюсселга ташрифи амалга ошиши мумкинлигига умид билдирмоқда, деди Европарламент депутати латвиялик Ивета Григуле-Петерсе пайшанба куни.

1 ноябрь куни Тошкентда Ўзбекистон-ЕИ парламент ҳамкорлиги қўмитасининг 14-йиғилиши бўлиб ўтди. Европа парламентининг Марказий Осиё мамлакатлари ва Мўғилистон билан ҳамкорлик бўйича делегацияси раиси Ивета Григуле-Петерсе йиғилишда Европа делегациясига раҳбарлик қилмоқда, деб хабар бермоқда маҳаллий ОАВлар.

«Брюссель сизнинг президентингизни кутмоқда — ва бу кейинги йил бошида амалга ошса яхши бўлар эди, агарда бунинг иложи бўлса», — деди у йиғилишни очар экан.

Евродепутатнинг фикрича, Шавкат Мирзиёевнинг ташрифи Ўзбекистон ва ЕИ ўртасидаги яқин беш-ўн йиллик ҳамкорликка аниқлик киритади. «Ва буни яна бир йилга ортга сурмаслик керак. Бу [Европа ташқи алоқалар хизматининг] мен келтирган истаги», — дея қўшимча қилди депутат.

У Ўзбекистон президентининг 8−9 октябрь кунлари Францияга амалга оширилган ташрифи Евроиттифоқ оммавий ахборот воситаларида яхши ёритилганини маълум қилди. «Ташриф жуда яхши, жуда омадли бўлди», — дея қўшимча қилди Ивета Григуле-Петерсе.

Июль ойида ЕИ Кенгаши Ўзбекистон билан шериклик ва ҳамкорликни кенгайтириш тўғрисидаги музокаралар бошланганини тасдиқлаган эди. Кенгашнинг қайд этишича, бу қулай ишбилармонлик ва инвестициявий муҳити яратиш, ташқи савдо ва глобал таҳдидлар масаласида, жумладан, иқлим ўзгариши, коррупция ва терроризмга қарши курашиш соҳаларидаги ҳамкорликни таъминлашга хизмат қилади.

XS
SM
MD
LG