Ссылки доступа

Тожикистонда генералнинг ўз хотинини ўлдирган ўғли 18 йилга қамалди


Душанбе шаҳар суди Тожикистон Олий иқтисодий судининг собиқ котиби Бобожон Ширинзодани собиқ рафиқасини шафқатсизларга ўлдиргани учун 18 йил қаттиқ режимдаги колонияга ҳукм қилди.

Моҳира Ятимова шу йилнинг 6 июнь куни кечқурун ўлдирилган эди. Ширинзода икки нафар ёш боласининг кўз ўнгида аёлга 13 марта пичоқ санчиб жароҳат етказди.

Ҳукм қилинганнинг опаси Меҳри Ширинованинг 1 ноябрь куни маълум қилишича, қариндошлар Душанбе шаҳар суди ҳукмидан норози ва қарор устидан юқори суд инстанцияларига шикоят қилинади. Бобожон Ширинзода суддаги ўзининг сўнгги сўзида жиноятни атайлаб содир этмаганини айтди. У суддан рафиқасини эҳтирос устида ўлдириб қўйганини эътиборга олишни сўради.

Душанбе шаҳар судидаги манбанинг айтишича, Ширинзода ТР Жиноят кодексининг 104-моддаси 2-қисми (шафқатсизларча қотиллик) бўйича ҳукм қилинди. Тергов вақтида у ўз айбига тўлалигича иқрор бўлди, бироқ суд жараёнида хотираси ёмонлашганини баҳона қилиб қисман айбдор эканлигига иқрор бўлди, судгача бўлган экспертиза уни тўлалигича соғлом дея тан олган эди.

Бобожон Ширинзода – Тожикистон молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш давлат агентлиги директорининг собиқ ўринбосари, генерал Ражабали Шириновнинг ўғли. Генерал Ширинов 2015 йил қишида президент Эмомали Раҳмон мамлакат Хавфсизлик Кенгаши мажлисида аксилкоррупция идорасининг фаолиятини танқид қилганидан кейин мансабидан бўшатилди. Агентлик раҳбарининг ўринбосари лавозимига тайинланишидан аввал Ражабали Ширинов узоқ йиллар давомида Тожикистон Солиқ қўмитасини бошқарган эди.

Бобожон Ширинзода ва Моҳира Ятимова 2007 йилда Тожик миллий университетининг юридик факультетини тамомлашган ва диплом олишлари билан никоҳдан ўтишган эди. Аммо улар икки йил муқаддам ажрашишган.

XS
SM
MD
LG