Ссылки доступа

Самарқандда аёлни ечинишга мажбур қилган милиция ходими суд қилинмоқда


31 октябрь куни Самарқандда Каттақўрғон шаҳар ИИБнинг собиқ ходими Санъат Умаров устидан суд жараёни бошланди, деб хабар бермоқда маҳаллий нашрлар.

Эслатиб ўтамиз, шу йилнинг 4 июль куни Каттақўрғон шаҳар ИИБ биносида милиция ходимлари икки аёл кишини ўғирлик қилганликда айблаб ечинишга мажбурлаганди. Улар ушбу жараённи видеога ёзиб олган, тасвир кейинчалик интернетда тарқалиб кетганди.

"Озодлик" таҳририятига видеони юборган милиция ходимининг сўзларига кўра, аёллардан ҳеч қандай пул топмасдан, милиция ходимлари қўлга олингани тўғрисидаги ҳужжатларни тўлдирмасдан, уларни қўйиб юборишган. Ушбу аёллар фамилиялари қўлга олинганлар рўйхатида ҳам қайд этилмаган.

Аёлни ечинишга мажбурлаган ИИБ ходими Санъат Умаров ички ишлар органларидан салбий ҳаракатлари учун бўшатилган. Бундан бир неча кун ўтиб, Умаровга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилган. Унга нисбатан ЖКнинг 206-моддаси («ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиқиш») 1-қисми ва 235-моддаси («қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш») 2-қисми «а» назарда тутилган жиноятларни содир этганликда айбланиб жиноят иши очилган.

XS
SM
MD
LG