Ссылки доступа

Тожикистон Қирғизистон қамоқхоналаридаги фуқароларини экстрадиция қилиш мақсадида бирорта сўровнома юбормаган


Қирғизистон расмийлари баёнот бериб, мамлакат қамоқхоналарида 20 ёшдан 50 ёшгача бўлган 80 нафар Тожикистон фуқароси жазо ўтаётганини маълум қилди.

Қирғизистон ҳукумати қошидаги Жазони ижро этиш Давлат хизмати 24 ноябрь куни, тожик маҳбусларининг 70% ноқонуний гиёҳванд моддалар савдоси учун жазо муддатини ўтаётганини таъкидлади.

70 ёшли Бахтибегим Алидўстова беш йилдан бери ўғлини кўрмаган. Зафар Алидўстов 2013 йилда тожик-қирғиз чегарасида гиёҳванд моддалар олиб ўтиш гумони билан ушланган ва кейинроқ 15 йил қамоққа ҳукм қилинди. Аввалига у Жалолобод вилояти қамоқхонасида ушлаб турилди, кейинчалик эса Бишкекдаги колониялардан бирига этап қилинди.

62 ёшли сўғдлик Богшо Имматшоев тез-тез Бишкекка келиб туради: унинг ўғли беш йилдан бери Чуй вилоятидаги колонияда жазони ўтайди. Унинг сўзларига қараганда, 2013 йилда ўғлини Баткен вилоятида гиёҳванд моддалар билан қўлга олишган ва 13 йилга ҳукм қилишган. Учрашувга фақат отаси келади, оиласининг барча аъзолари билан келиш хонадон бюджетига қимматга тушади.

​Жазони ижро этиш Давлат хизмати матбуот котиби Элеонора Сабатарованинг айтишича, бу йил Қирғизистон Россиянинг икки фуқаросини ва Болтиқбўйидаги мамлакатлардан бирининг фуқаросини экстрадиция қилди. «Тожикистон билан ҳам шу каби Келишув имзоланган, бироқ биз улардан экстрадиция борасида бирорта ҳам сўровнома олмадик. Икки мамлакат ўртасида маҳбусларнинг экстрадицияси билан амалиёт бор – биз ватандошларимизни Тожикистондан экстрадиция қилганмиз», - дейди Сабатарова.

Қирғизистонда ёпиқ турдаги 11та ахлоқ тузатиш муассаси, 13 та манзил-колония, 6 та тергов изолятори ва умрбод озодликдан маҳрум қилинганлар учун 1 та қамоқхона фаолият юритади.

XS
SM
MD
LG