Ссылки доступа

Тожик ҳайдовчилари Афғонистоннинг Шерхан Бандаридаги тўловлардан шикоят қилмоқда


Тожикистон юк машиналарнинг ҳайдовчилари ва афғонистонлик тадбиркорлар Қундуз вилоятидаги шахсий хавфсизликларига бўлаётган таҳдидлардан ташқари транспорт компаниялари, чегара хизмати ва йўл инспекторлари томонидан олинадиган тўловлардан ҳам азият чекмоқда.

Шерхан Бандар порти Тожикистон билан чегарадаги Панж дарёсида жойлашган. Бу чегара ўтиш жойи Афғонистон ва Покистонни Тожикистон ва Қирғизистон билан боғловчи асосий транзит йўналиши сифатида кўрилади. Бу порт орқали ҳар куни ўнлаб юк автомобиллари ўтади, бу машиналарнинг кўпчилиги тожик ҳайдовчилари томонидан бошқарилади.

Ҳайдовчиларнинг сўзларига қараганда, улар Афғонистон ҳудудларига ўтишлари биланоқ тўловлар талаб қилиш бошланади. «Бу мамлакатга киришдан аввал чегарачи 80 сомони (9 долларга яқин) талаб қилади. Нима учунлигини биз билмаймиз, чунки бирор бир ҳужжат беришмайди. Бу тўлов қонунийлигини билмаймиз», - дейди ҳайдовчилардан бири.

Шерхан Бандердаги Афғонистон тадбиркорлар Уюшмаси раҳбари Шермухаммад Устуворнинг айтишича, бу муаммоларни бартараф этиш мақсадида Афғонистон Саноат ва савдо вазирлигидан бир неча бор хат келган, бироқ ноқонуний тўловлар ундириш тўхтамаган. «Айни шу тўловлар туфайли Шерхан Бандарда савдолар қисқариб кетди. Шерхан Бандардаги тўловлар ноқонунийдир», - дейди суҳбатдош.

Шу билан бирга Шерхан Бандердаги божхона пости раҳбар ва маъсул шахсларидан бири Маҳмаднозир Нозирининг айтишича, ҳайдовчилардан ҳеч ким пора талаб қилмайди, чунки Шерхан Бандар кўприги орқали ўтадиган ҳар бир машина 2 доллар миқдорида бож тўлаши керак.

Қундуз вилояти полиция ва транспорт хизмати вакиллари вазият борасида изоҳ бермади. Афғонистонлик айрим тадбиркорларнинг айтишича, мазкур постдаги тўловлар ўзининг энг инқирозли нуқтасига етди. Айни дамда Тожикистондан келаётган юк машиналарининг ҳайдовчилари ноқонуний тўловлар билан боғлиқ вазият ўзгармайдиган бўлса, у ҳолда Афғонистонлик тадбиркорларнинг юкларини ташишдан воз кечишга мажбур бўлишларини айтишмоқда.

XS
SM
MD
LG