Шу тариқа Украина президенти Петр Порошенко ҳарбий ҳолатни 60 кундан 30 кунга қисқартиш орқали ўзининг аввалги фармонини ўзгартирди. Ўз қарорига изоҳ берар экан, ҳарбий ҳолат сайловолди кампанияси бошланишига тўғри келиб қолишини истамаслигини айтди.
Украина Олий Радаси 26 ноябрь куни кечқурун навбатдаги президентлик сайловлари санасини эълон қилди: сайлов 2019 йилнинг 31 март куни бўлиб ўтади.
Порошенко Украина бош штабига мобилизация режасини ойдинлаштиришни, жумладан захирадигиларни чақириш ҳажмини, шунингдек оператив захирадагиларни тўплашни ташкиллаштиришни топширди. Ҳарбийлар шунингдек ҳаво мудофаасини ташкиллаштириш борасида ҳам буйруқ олишди.
25 ноябрь куни Украина ҳарбийлари баёнот бериб, Керч бўғозида 12 миллик ҳудуддан чиқиб кетиши билан кемаларига аввалига Россия кемаси келиб урилгани, сўнг Россия ҳарбийлари томонидан ўққа тутилганини маълум қилди. 12миллик ҳудудни аннексиядан сўнг Россия ўзиники дея ҳисоблайди. РФ ФХХнинг баёнотига кўра Россия зирҳли "Бердянск" ва "Никополь" артиллерия катерларини ўққа тутган. Украина эса бу катерлар ва "Ян Капа" шатакка олувчи кемасини махсус хизмат томонидан қўлга олинганини айтмоқда. Хабарларга қараганда, Россия Украина кемалари ва ҳарбийларини қайтариш ниятида эмас.
Украина Қуролли кучлари Бош штабининг маълумотларига қараганда, кемаларда жами 23 киши бор бўлиб, ўққа тутишдан сўнг украиналик ҳарбийлари билан алоқа узилиб қолди. Олти нафар украиналик ҳарбий хизматчи жароҳат олди, улардан икки нафарининг аҳволи ниҳоятда оғир, дея хабар берди Украина томони. Енгил жароҳат олган уч нафар украиналик ҳарбий хизматчиси Керч шифохонасида даволанмоқда ва «ўзларини яхши ҳис қилишмоқда», дея хабар берди ТАСС.
Россия ФХХнинг Қрим бўйича бошқармасининг таъкидлашича, Украинанинг учта ҳарбий кемаси 25 ноябрь куни «қонунга зид равишда Россия давлат чегарасини кечиб ўтди» ва Керч бўғозига кириш йўлида «хавфли маневрлар»ни амалга оширди. Россия ФХХ Украина кемаларига нисбатан қурол ишлатилганлигини тасдиқлади ва уч нафар украиналик денгизчи жароҳат олганини маълум қилди.
Украина президенти Петр Порошенко Кремлдан зудлик билан Керч бўғозида ушланган украиналик денгизчи ва кемаларни озод қилишни талаб қилди.
25 ноябрь куни Керч бўғозидан Украина ҳарбий кемаларини ўтказмаслик мақсадида Россия вақтинча ҳарбий бўлмаган кемалар учун Керч бўғозидан ўтишни тақиқлади.
Россиянинг Керч бўғозидаги ҳаракатларини АҚШ ва Европадаги айрим мамлакатлар танқид қилмоқда. НАТО баёнот бериб, Керч бўғозидаги ҳодисаларни диққат билан кузатиб бораётганини маълум қилди ва томонларни босиқликка ва кескинликни юмшатишга чақирди.