Ссылки доступа

Туркманистонда давлат хизматчилари ҳамон мажбурий пахта теримига жўнатилмоқда


Туркманистонда давлат хизматчиларини мажбурий пахта теримига жўнатиш давом этмоқда, режани бажармаганлар эса 15 кунга қамалмоқда. Бу ҳақда Туркманистондаги «Озодлик» мухбири маълум қилди.

"Ноябрь охири бўлишига қарамай, Мари вилоятининг Тагтабазар этрапида одамларни ҳамон пахта далаларига ҳайдашмоқда. Асосан бепул ишчи кучи бўлган ўқитувчи ва шифокорлар пахта теришга чиқмоқда", - дея хабар беради 26 ноябрь куни «Озодлик» мухбири.

Унинг сўзларига қараганда, одамлар далаларда қолиб кетган пахталарни теришга мажбурланмоқда. Айниқса ижарачиларга қийин бўлмоқда. "Одамлар чаноқларда қолиб кетган пахталарни теришга мажбурланмоқда. Шунингдек, кўсаклар ҳам териб олиниб, ундан пахта ажратиб олинмоқда. Ижарачиларга қийин бўлмоқда, пахта йўқ, улардан эса пахта топишни талаб қилишмоқда. Режани бажармаган ижарачиларни 15 кунга қамаш ҳолатлари ҳам бўлди", - дейди Мари вилоятидаги вазият ҳақида хабар берган «Озодлик» мухбири.

9 ноябрь куни Туркманистон ҳукумати 1 миллион 50 минг тонна пахта йиғиб олиш режаси бажарилганини эълон қилди.

«Озодлик» мухбирларининг хабар қилишича, айни дамда давлат хизматчиларини пахта теримига жалб қилиш мамлакатнинг бошқа вилоятларида ҳам, жумладан, Дашўғиз вилоятининг Кўҳна Ургенч, Балкан вилоятининг Сердар ва Лебап вилоятининг Гарабекевул туманларида давом этмоқда.

Туркманистонда пахта терими август ойи охирларида бошланган. Туркманистондаги «Озодлик» радиоси мухбирлари ва мустақил медиа манбаларнинг хабарларига қараганда, пахта теримига мунтазам равишда давлат хизматчилари, шунингдек, муддатли ҳарбий хизматчилар ва мактаб ўқувчилари жалб қилинади.

XS
SM
MD
LG