Ссылки доступа

Тожикистон қамоқхоналари янги раҳбари исён бўлиб ўтган колонияга ташриф буюради


Тожикистон Адлия вазилигининг Жазони ижро этиш Бош бошқармасининг янги бошлиғи Мансуржон Умаров баёнот бериб, яқин орада юз берган исён оқибатида ўнлаб маҳбуслар вафот этган Хўжанддаги қаттиқ режимли 3/3-сонли колонияга ташриф буюришини маълум қилди.

Генерал-лейтенант Мансуржон Умаров ўтган ҳафта охирларида Адлия вазирининг ўринбосари-ЖИЭББ бошлиғи лавозимига тайинланган эди. У 53 ёшда, сўнгги 8 йил мобайнида Тожикистон Миллий Хавфсизлик Давлат қўмитаси раисининг ўринбосари лавозимида ишлаб келган.

Мансуржон Умаров 26 ноябрь куни баёнот бериб, ўз фаолиятини мамлакатдаги жазони ижро этиш муассасалари фаолияти билан танишишдан бошлашини ва тез орада Хўжанддаги қаттиқ режимли №3/3 колонияга боришини айтди. «Мен шахсан қамоқхоналар ва СИЗО раҳбарлари, шунингдек ўз ваколатларим доирасида маҳбуслар билан суҳбатлашишга аҳд қилдим»,- деди Умаров.

Генерал Умаров Хўжанддаги қаттиқ режимли №3/3 колонияда исён юз берганидан икки ҳафта ўтиб ЖИЭББ бошлиғи этиб тайинланди. Расмий Душанбе маълумотига кўра, исён вақтида 21 нафар маҳбус вафот этди.

​Расмийларнинг маълум қилишича, исённи бостириш вақтида фақат террорист ва ўта хафли жиноятчилар ўлдирилди. «Ўлдирилган маҳбусларнинг 12 нафари Сурия ва Ироқдаги ҳарбий ҳаракатларда ИД томонида туриб жанг қилгани учун жазони ўтаётган эди, уч нафари –Ансоруллах», «Жундуллах» экстремистик гуруҳи ва Ўзбекистон Ислом ҳаракатининг аъзолари эди, қолган олти нафари оғир жиноят – қотиллик ва катта миқдорда гиёҳванд моддалар контрабандаси билан шуғулланганликда айбдор деб топилиб, жазо муддатини ўтаётган эди», - дея баёнот берди Тожикистон ТИВ раҳбари Сирожиддин Мухриддин Брюсселда 22 ноябрь куни бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Бироқ бошқа манбалар 8 ноябрга ўтар кечаси юз берган исён вақтида камида 50 кишининг ўлдирилганини айтишади. Исён вақтида қамоқхонанинг икки ходими ҳалок бўлди, беш нафар қўриқчи оғир аҳволда Хўжанддаги шифохонага ётқизилди. Колониянинг 7 ходими ҳибсга олинди – улар орасида қамоқхона бошлиғи Файзулло Сафарзода ва режим бўлими бошлиғи Фарҳод Садиров бор.

​Мансуржон Умаров баёнот бериб, тергов Тожикистон бош прокуратураси томонидан олиб борилаётгани боис ўзида Хўжанд колониясида юз берган исён ҳақида етарлича маълумот йўқлигини айтди. Шу билан бирга у маълумотларни яшириш турли ёлғон вамиш-мишларга сабаб бўлишини тан олди. «Кўриб чиқамиз, агар бу ҳодиса ҳақида расмий маълумот пайдо бўлса, биринчи имкониятдаёқ ОАВларга хабар берамиз», - дея ваъда берди ЖИЭББ бошлиғи.

XS
SM
MD
LG