Ссылки доступа

Аблязов сиртдан умрбод қамоққа хукм қилинди


Тараз шаҳар суди сиртдан собиқ банкир ва Остонанинг ашаддий танқидчиси Мухтар Аблязовни умрбод озодликдан маҳрум қилди, у 2004 йилда «ТуранАлем» банки эгаси ва топ-менежери Ержан Татишевнинг ўлдирилишини уюштиришда айбдор деб топилди.

Жамбил вилоятининг жиноий ишлар бўйича ихтисослаштирилган туманлараро судининг ҳукми бугун эълон қилинди, дея хабар беради маҳаллий ахборот сайтлари.

Суд эшитувларида 22 ноябрь куни прокурор суддан Аблязовни айбдор деб топиш ва умрбод озодликдан маҳрум қилишни сўраган эди. Давлат томонидан тайинланган адвокат Жанар Қисиқова баёнот бериб Аблязовнинг айбдорлигини исботловчи далиллар камлигини айтди.

Айблов версиясига кўра, тадбиркор Аблязов банк активларига эгалик қилиш мақсадида Муратхан Тоқмадининг ёрдами билан Татишевни йўлдан олиб ташлаган. 2009 йилдан бери хорижда истиқомат қилиб келаётган Мухтар Аблязов ижтимоий тармоқларда бир неча бор баёнот бериб, Татишевнинг ўлимига мутлақо алоқаси йўқлигини айтган.

Ержан Татишев 2004 йилда ўлдирилган, ўшанда тергов ўлим “овда бахтсиз ҳодиса” сабаб юз берган деган хулосага келган эди. Татишев билан битта автомобилда бўлган бизнесмен Муратхан Тоқмади “эҳтиётсизлик оқибатида ўлимга сабабчи бўлган”ликда айбланган ва бир йил озодликдан маҳрум қилинган эди. 2017 йилда жиноий иш қайта кўриб чиқилди, Тоқмади қасддан қотилликни содир этганини тан олди ва Аблязов томонидан бўладиган таҳдид туфайли бу ишни қилганини айтди. 2018 йилнинг март ойида Тоқмади қасдан қотиллик содир этганликда айбдор деб топилиб, ўн ярим йил муддатга қамоққа ҳукм қилинди.

2017 йил июнь ойида Қозоғистон суди томонидан бир қатор айблар, жумладан “жиноий тўда ташкил қилиш”, “мулкни ўзлаштириш” айблари бўйича сиртдан 20 йил муддатга озодликдан маҳрум қилинган Мухтар Аблязов ўзига қўйилаётган айблар сиёсийлаштирилганини таъкидлайди.

XS
SM
MD
LG