Ссылки доступа

Тожик олимлари музликлар аҳволини ўрганиш мақсадида 3300 километрни босиб ўтишди


Бир гуруҳ тожик олимлари мамлакат музликларининг аҳволини ўрганиш мақсадида 3300 километрдан ортиқ масофани босиб ўтишди.

ТР музликларини ўрганиш маркази директори Абдулҳамид Қаюмовнинг 26 ноябрь куни айтишича, Тожикистон чўққиларига амалга оширилган тадқиқот экспедицияси июнь ойидан сентябргача давом этди.

Шу вақт мобайнида тожик олимлари Варзоб дараси баландликлари ва Помир тоғининг юқори чўққиларида тадқиқот ишларини амалга оширдилар, улар 3000 км масофани автомашиналарда босиб ўтишди ва 300 кмни пиёда кезишди. Экспедиция ниҳоясига етгач, улар тўпланган маълумотларни таҳлил қилишмоқда.

Тадқиқотлар Помирдаги “Рус географик жамияти” музлигида жиддий ўзгаришлар юз берганини кўрсатди, бу ўз навбатида минглаб одамларнинг турмуш тарзига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Марказий Помирдаги мазкур энг йирик музлик 64 квадрат км майдон ва узунлиги 24 кмдан иборат бўлиб, бу ерда глобал иқлим ўзгаришларининг оқибатлари кузатилмоқда.

«Ишчи гуруҳи мазкур музликнинг тепасида йирик кўл пайдо бўлганини аниқлади. Унинг узунлиги 200 метрни ташкил қилади. Бу ўта ташвишли сигналдир. Сув омборининг таъсири билан музликнинг бир қисми силжиши ва Абдуқаҳҳор дарёсининг оғзини очиши ва тўсиб қўйиши мумкин, бунинг оқибатида Ванд водийсида истиқомат қилувчи аҳоли сув остида қолиши мумкин», - дейди олим.

«Биз узоқдан бошқариладиган йўлдош бошқаруви тизими ёрдами билан музликлар ҳолатини назорат қилишни ният қилдик. Кўплаб музликларга станциялар ўрнатдик, бу станциялар музликлар ҳаракатини 0,1 сониягача аниқ кўрсатиб туради. Бу каби тадқиқотлар Тожикистонда илк бор жорий қилинмоқда», - дейди Қаюмов.

Унинг сўзларига қараганда, 1968 ва 1972 йилларда Медвежий музлигининг ҳаракати ва Абдуқаҳҳор дарёсининг оғзи беркитилиши туфайли маҳаллий аҳоли хавф остида қолган эди. Тўғон 80 миллион кубометр сувни сиғдирган сунъий кўлни ҳосил қилди, унинг чуқурлиги 110 метрга етди. 2005 йилда фожиадан қочиб қолишнинг имкони бўлмади: Рошткали туманидаги Дашти қишлоғидаги кўл бузилиб кетди ва 25 киши ҳалок бўлиб, кўплаб уйларга зиён етди.

Марказий Осиёдаги музликларнинг ярмига яқини Тожикистон ҳудудларида жойлашган. Республикадаги 8 мингдан ортиқ музликларнинг майдони 8,5 минг кв. км.ни ташкил қилади. ТР музликларини ўрганиш марказига2018 йилда асос солинди. Мазкур тузилманинг асосий мақсади музликлар ва Тожикистондаги бошқа сув манбаларни мунтазам равишда ўрганиш ва доимий равишда мониторинг қилиб боришдан иборат.

XS
SM
MD
LG