Ссылки доступа

Ҳибсга олинган Ташқи миграция агентлиги раҳбарлари Кореяга бормоқчилардан $20 млн пора олганликда гумонланмоқда


Ўзбекистон Ташқи меҳнат миграцияси агентлигининг раҳбарлари Кореяга ишга кетиш учун ариза берган минглаб одамдан пора олганликда гумонланиб ҳибсга олинди. Бу хабарни Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлигининг бир-биридан мустақил икки мулозими тасдиқлади.

Ҳозирча жамоатчиликдан сир тутилаëтган бу маълумотни очиқлашга ваколати йўқлиги боис шахси сир қолишини сўраган бу мулозимларга кўра¸ 16-20 ноябрь кунлари Миграция агентлигининг 20 га яқин расмийси Бош прокуратура Уюшган жиноятчилик ва коррупцияга қарши кураш бошқармаси ходимлари томонидан олиб кетилган.

Кореяга ишга кетиш учун ариза берган минглаб одамдан пора олганликда гумонланиб олиб кетилганларнинг кўпчилиги қўйиб юборилган¸ аммо агентлик бошлиғи¸ унинг ўринбосари ва Кореяга кетаëтган фуқароларни олдиндан кўниктириш ва ўқитиш маркази раҳбарининг 26 ноябрь куни ҳам ҳибсда қолаëтгани айтилди.

Жараëн тафсилотларидан хабардор мулозимлар¸ ҳибсга олинганларнинг Кореяга ишга юбориш ваъдаси билан 20 (йигирма) миллион АҚШ долларидан кўпроқ пора олганликда гумонланаëтганини билдирдилар.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги ва Ташқи миграция агентлиги мутасаддилари бу ҳибсга олишларни расман тасдиқлаш ëки инкор қилиш сўровини жавобсиз қолдирди.

Ўзбекистон Бош прокуратураси тергов сири нуқтаи назаридан бу маълумотни на тасдиқлади ва на инкор қилди.

Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги мулозимининг айтишича¸ Ташқи миграция бошқармасининг ҳибсга олинган расмийлари йил давомида ҳар бир вилоятдан камида 400 тадан одамга Жанубий Кореяга ишга юборишни ваъда қилиб¸ уларнинг ҳар биридан камида 5000 АҚШ доллари миқдорида пора олган жиноий гуруҳга бошчилик қилганликда гумонланмоқда.

“Вилоятлардаги пул берганлар алданганини билиб¸ Ташқи миграция агентлигининг Академгородокдаги бош офисига келиб тўполон қилганидан сўнг¸ вазиятга прокуратура аралашишга мажбур бўлди”¸ дейди суҳбатдош.

“Бошланиши Миграция бошқармаси бошлиғи ўринбосари Тошкентда ўз офисида 5000$ билан прокуратура департаменти томонидан ушланди. Сразу бошлиқ ва бешта бўлим раҳбари кетди. Бу 16 ноябрда бўлди¸ катта бошлиқларни 20 ноябрда олишди”¸ дейди вазирлик расмийси.

Ташқи Миграция агентлиги раҳбар ва мутасаддиларининг ҳибсга олинганини тасдиқлаган агентлик мулозимларидан яна бири¸ олиб кетилганларнинг бештаси қўйиб юборилгани, юқори раҳбарлардан учтаси¸ хусусан¸ агентликнинг биринчи раҳбари ва ўринбосарининг ҳибсда қолаëтганини билдирди.

26 ноябрь куни Равшан Ибрагимов ва Улуғбек Назаров Ташқи миграция агентлиги расмий сайтида ҳамон агентлик бошлиғи ва ўринбосар сифатида кўрсатилган.

XS
SM
MD
LG