Ссылки доступа

Бешариқда ҳокимиятдан 16 минг долларга ер олиб беришни ваъда қилган гуруҳ ушланди


Фарғона вилоятининг Бешариқ туманида Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти​ (Департамент) ходимлари ер участкасини ажратишда фирибгарлик билан шуғулланган жиноий гуруҳ - икки кишини қўлга олди.

Департаментнинг Бешариқ туман бўлими мулозими мазкур ҳолат юзасидан 26 ноябрь куни Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) бўйича жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилаётганини билдирди.

Жабрланувчи сифатида кўрилаётган 36 ёшли Нуриддин Ҳамроқуловнинг айтишича, устидан жиноят иши қўзғатилгани айтилаётган икки киши, унинг мурожаатига асосан, 23 ноябрь куни Бешариқ туманидаги 16 сотих ер майдонини уй-жой қуриш учун ажраттириб бериш эвазига 8000 АҚШ долларини олган вақтда ушланган.

Бешариқ тумани ҳокимиятида таниш-билиши борлигини айтиб, ер участкалар ажратиш ва расмийлаштириш масаласини ҳал қилишга ваъдалар берган бу шахслар "ёрдами" учун Ҳамроқуловдан жами 16 минг АҚШ доллари талаб қилган.

Департаментнинг Бешариқ тумани бўлими мулозими мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 168-моддаси (Фирибгарлик) бўйича 26 ноябрь куни жиноят иши қўзғатилиб, тергов олиб борилаётганини билдирди.

Нуриддин Ҳамроқуловнинг иддаосича айбланувчилар унга туман ҳокимиятида танишлари борлиги, амакиси туман кенгаши депутати эканини айтган. "Булар фермерларнинг ерларини олиб қўйиб, бошқаларга сотаётганини эшитардиму ишонмас эдим. Лекин мана аниқ бўлдики, демак уюшган жиноятчи тўда бор экан Бешариқда. Буларнинг одамлари ҳокимиятда ҳам бор экан. Қўлга олинганлардан бирининг амакиси Бешариқ туман кенгаши депутати Абдураҳмон Исоқовдир. "Амаким қилиб беради, ишонаверинг" деган менга. Яна бир қариндоши туман Архитектура бўлимида ишлайди. Кадастрда ҳам одамлари бор буларни", - деди Ҳамроқулов.

Маълум бўлишича, тергов доирасида Исоқов ҳам сўроқ қилинган ва қўйиб юборилган.

Абдураҳмон Исоқовнинг ўзи масалани шундай изоҳлади: "Менинг бу ишга умуман алоқам йўқ. Битта алоқадор жойим -гумонланувчилардан бири акамнинг ўғли бўлгани учун булар мендан шубҳа қилишяпти. Сиздан олдин булар менинг устимдан прокуратурага ёзишган. Лекин бу ишларга мени умуман алоқам йўқ", - деди Исоқов.

Бешариқ туман ҳокимлиги расмийларидан эса, ер билан фирибгарлик ҳақидаги иддаолар юзасидан изоҳ олиб бўлмади.

Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши кураш департаменти маълумотига кўра, 2018 йилнинг ўтган даврида ер ажратиш учун ҳужжатларни тайёрлаб бериш бўйича 156 та коррупция ҳолатлари аниқланиб, жиноят ишлари қўзғатилган.

Қўлга олинганлар орасида вилоят ва туман ҳокимлиги мулозимлари ҳам бор.

XS
SM
MD
LG