Ссылки доступа

Тожикистонда янги йилдан жарима ва божлар оширилиши кутилмоқда


Тожикистонда янги йилдан жарима ва божлар 10 фоизга оширилиши кутилмоқда. Жумладан, светофорнинг қизил чироғидан ўтганлик учун жарима 250 сомони (28 долларга яқин)дан 275 сомонигача кўтарилади.

Бу “Тожикистоннинг 2019 йилги давлат бюджети тўғрисида”ги қонунга кўра, 2019 йилнинг 1 январидан ҳисоб кўрсаткичларининг ҳозирги 50 сомони ($5,33) миқдоридан 55 сомонига оширилиши билан боғлиқдир, демоқда экспертлар.

Тожикистон парламентининг қуйи палатаси депутатлари 23 ноябрь куни ҳукумат томонидан таклиф қилинган “Тожикистон Республикасининг 2019 йилги давлат бюджети тўғрисида”ги қонун лойиҳасини қабул қилди. Келаси йили давлат бюджетининг ҳажми 23 млрд 774 млн сомони миқдорида кўрилмоқда.

2008 йил 1 июлдан бошлаб Тожикистонда ҳисоб кўрсаткичлари энг кам ойлик каби тушунчаларнинг ўрнини эгаллаб келади ва солиқлар, жарималар, божлар ва бошқа тўловларини ҳисоблашда фойдаланилади.

Тожикистон молия вазирлиги бюджет бош бошқармасининг маълум қилишича, ҳисоб кўрсаткичлари ҳар йили инфляция даражаси эътиборга олинган ҳолда ўрнатилади. 2017 йил 1 январдан ҳисоб кўрсаткичлари 50 сомони ($5,33) миқдорида белгиланган.

Маҳаллий экспертларнинг фикрича, ҳисоб кўрсаткичилари миқдорининг оширилиши маҳаллий ҳайдовчилар учун зарба бўлади. Айрим ҳайдовчиларнинг айтишларича, жарималарнинг оширилиши коррупцияга олиб келади – ҳайдовчилар Йўл патрул Хизмати инспекторининг “қўлига пул бера” бошлайди.

XS
SM
MD
LG