Ссылки доступа

Парламент депутати: ҚР чегарачилари туристларда 5-10 доллар “кўрмаслиги керак”


Қирғизистон Грузия каби очиқ давлатга айланиши керак. Бу ҳақида парламент мажлисида депутат Жанар Акаев айтиб ўтди.

Парламент аъзоси “Айрим давлатлар фуқаролари учун 60 кунгача визасиз режим жорий этиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида визасиз режим муддатсиз киритилиши лозимлигини қайд этар экан, терроризм ва хавфсизликнинг бошқа масалалари авторитар мамлакатлар учун шунчаки баҳона ва бу сўз уларга хос дея қайд этиб ўтди. Унинг сўзларига кўра, Қирғизистон Грузия сингари очиқ давлатга айланиши керак. У 2012 йилда бош вазир Омурбек Бабанов 44 та мамлакат учун визасиз режим жорий этгани фойда келтирганини таъкидлаган.

“Мана, 2012 йилда Германиядан Қирғизистонга 6874 нафар сайёҳ ташриф буюрди, 2018 йилнинг тўққиз ойида эса 19130 нафар турист келди. Саудия Арабистонидан 2012 йилда Қирғизистонга 129 нафар, 2018 йилнинг тўққиз ойида эса 10 минг нафар сайёҳ сафар қилган”, - деган у ва айни чоғда хорижлик туристлар сони бир неча баробар ошганини эътироф этган.

Жанар Акаевнинг таъкидлашига қараганда, бу Қирғизистон учун зарур қонун, сабаби, у оддий халққа ёрдам беради ва давлат бюджетини тўлдиради. Шунинг учун туризмга устувор йўналиш сифатида қараш керак.

Депутат ҳукумат, Давлат чегаралари хизмати ва Давлат божхона хизмати вакилларига мурожаат этар экан, аэропортларга инглиз тилини биладиган ходимлар қўйиш кераклигини айтиб ўтган. “Иложи борича инглиз тилини яхши билишсин ва ҳурмат билан муносабатда бўлишсин. У туристга 5-10 доллар сифатида қарамаслиги керак, туристларга яхши муомала қиладиган инглиз тилини яхши билувчи ходимларнинг ойлик иш ҳақларини оширинг”, - дея билдириб ўтган Жанар Акаев.

XS
SM
MD
LG