Тожикистон Жиноят кодексига 28 ноябрь куни киритилган ўзгартишга кўра, айбдор шахсларга нисбатан 5 йилдан 8 йилгача бўлган муддатга озодликдан маҳрум қилиш кўзда тутилади. Шу кунга қадар мамлакат жиноят қонунчилигида притон ташкил қилганлар 5 мингдан 10 минг сомонигача(1,1 минг доллар) жарима кўринишида жазога тортиларди ёки 5 йилгача озодликдан маҳрум қилинарди.
Парламент қуйи палатаси депутати Бахтовар Сафарзоданинг 28 ноябрь куни айтишича, киритилган ўзгартиш қайта притон ташкил қилганларга ёки қўшмачилик билан шуғулланганларга нисбатан қўлланилади.
«Айни дамда Жиноят кодексининг 239-моддаси биринчи қисмига кўра, бу ҳатти-ҳаракатлар учун битта қисм бўйича жазога тортиларди. Бугун биз бу моддага иккинчи қисмни киритдик. Эндиликда, кимдир иккинчи бор қонунни бузгудек бўлса, унга нисбатан қатъий чора кўрилади. Модданинг биринчи қисми ўзгартирилмади. Бу каби амалиёт кўплаб мамлакатларда қўлланилади», - дейди депутат.
Сўнгги ҳафтада шу каби ҳатти-ҳаракат қилганликда гумон қилинган икки киши ушланди. Бу ҳақдаги маълумот Ички ишлар вазирлигининг веб-сайтида эълон қилинди.
Тожикистонда фоҳишалик маъмурий хуқуқ бузилиши сифатида кўрилади, енгил табиатли аёллар 500 дан 1000 сомонигача ($50-$100) жаримага тортилади. «Ишқ илҳомчилари» қайтадан ҳуқуқ бузгудек бўлса жарима миқдори ортади – улар 1000 дан 2000 ($100-$200) сомонигача жарима тўлайди ёки 10 кундан 15 кунгача маъмурий ҳибсда бўлади.