Ссылки доступа

Белорусс расмийлари соқолли тожик футболчисини озод қилди


Белоруссия хукумати «Хайр» (Вахдат) футбол жамоасининг собиқ ўйинчиси Парвиз Турсуновни ҳибсдан озод қилди. Белорусс орқали транзит йўли билан Европага кетаётган футболчи 18 сентябрь куни Минск аэропортида ушланган эди.

«Соқолли футболчи» иши бўйича таниш бўлган манбанинг 28 ноябрь куни «Озодлик» радиосининг тожик хизматига айтишича, Парвиз Турсунов Украина ҳудудларига қайтиш шарти билан озод қилинди, чунки уУкраина ҳудудлари орқали Белоруссия пойтахтига келган эди.

Тожик футболчиси Минскдаги 1-сонли тергов изолятоорида бўлар экан, маъмурият орқали қочқин мақоми берилиши юзасидан илтимоснома берди. Бу илтимосномага Белоруссия расмийларнинг муносабати номаълум.

43 ёшли Парвиз Турсунов Тожикистон олий дивизионидаги «Хайр» (Вахдат) футбол жамосининг етакчи ўйинчиларидан бири эди. Бироқ қўйган соқоли унинг футболдаги парвозига нуқта қўйди – айнан соқол туфайли 2011 йилда у футбол бўйича Тожикистон чемпионатининг янги мавсум ўйинларига қўйилмади.

Дисквалификация қилинган футболчи ўз соқолидан айрилмаслигини айтди. «Чунки футбол – бу дунёвий, биз охират ҳақида ўйлашимиз керак. Соқол қўйиш – пайғамбаримиз Муҳаммад(с.а.в)нинг суннатларидан биридир», – дея баёнот берди Парвиз Турсунов.

Футболчини Белоруссияда ҳибсга олиниши бўйича қарорда собиқ футболчи давлатлараро қидирувда экани таъкидланади: 2016 йилнинг 18 ноябридаёқ Тожикистон ҳукумати Парвиз Турсуновга «экстремистик гуруҳ фаолиятини ташкиллаштириш» айбини қўйган ва қидирув эълон қилган эди.

Тожикистон расмийлари Парвиз Турсуновни ватанига экстрадиция қилишга ҳаракат қилмоқда. Октябрда Human Rights Watch, Норвегия Хельсинки қўмитаси ва Марказий Осиё мигрантлар Ассоциацияси Белоруссия ҳукуматига мурожаат қилиб, собиқ футболчи Парвиз Турсуновни Тожикистонга экстрадиция қилмасликни сўради. Ҳуқуқ ҳимоячилари футболчи Тожикистонга қайтариладиган бўлса, қийноқларга тутилиши ва унга нисбатан бошқа шафқатсизликлар уюштирилишидан хавотир олмоқда.

ТР Олий суди қарорига биноан, 2009 йилдан бошлаб «Салафийлик» диний оқимининг республика ҳудудларида фаолияти тақиқланган, 2014 йилда эса экстремистик дея тан олинган.

XS
SM
MD
LG