Ссылки доступа

Туркманистон давлат дўконларида «ун бериш меъёри» қисқартирилди


Туркманистон вилоятларидаги давлатга тегишли дўконларда аҳолига арзон нархларда бериладиган ун миқдори камайтирилди.

Туркманистондаги «Озодлик» мухбири Лебап, Дашўғуз ва Мари вилоятларида ун нархи ва уннинг аҳолига сотиладиган меъёрини ойдинлаштирди. Мухбирнинг сўзларига қараганда, шу кунга қадар давлат дўконларида бир кишига 4-5 килограмм ун сотилар эди, эндиликда бир оилага шу миқдорда ун сотилади.

«Масалан, менга айтишларича, Дашўғуз вилоятининг Губадаг, Болдумсаз, Рухубелент этрапларидаги давлат озиқ-овқат дўконларида ҳисоблар бир кишига эмас балки бир хўжаликка белгиланмоқда. Оила таркибидан қатьий назар ҳар бир хўжалик учун арзонлаштирилган нархларда 8-12 килограммдан ун сотилмоқда», - дея хабар беради «Озодлик» мухбири.

Унинг айтишича, Лебап ва Мари вилоятларида ҳам худди шундай вазиятни кўриш мумкин, аммо бу вилоятларда ун меъёри анча кам ва 10 килограммдан ошмайди.

Туркманистон давлат дўконларида маҳаллий ун нархининг 1 килограмми 2 манат туради (Туркманистон МБ курси бўйича $1 - 3.5 туркман манатига тенг). Нархлар давлат томонидан белгиланади. Бозор ва хусусий дўконларда, импорт унлар, асосан Қозоғистон ва Россия ишлаб чиқарувчиларининг унлари сотилади, бу унларнинг нархи давлатникидан ўн баробар қиммат туради.

Туркманистон аҳолиси 2017 йил декабридан бошлаб ун ва нон тақчиллиги билан тўқнаш келган, шундан бери вазият анча ёмонлашган. Туркманистондаги «Озодлик» мухбирлари ва манбалари ун етишмаслиги, узундан узун навбатлар, бир кишига бериладиган ун меъёрининг камайтирилгани, шунингдек турли талаблар, паспорт ва турар жойидан маълумотнома сўралиши борасида маълум қилган.

XS
SM
MD
LG