Ссылки доступа

Шавкат Мирзиёев ҳарбий ўқув машғулотларини кузатди


Ўзбекистон Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев 28 ноябрь куни Чирчиқ дала ўқув майдонида юқори даражадаги жанговар шайликка келтирилган бўлинмаларнинг махсус-тактик машқларини кузатди.

Президент матбуот хизматининг маълум қилишича, машқлар бошланиши аввалида сўзлаган Шавкат Мирзиёев: "Мудофаа тизимида амалга оширилаётган ўзгаришлардан мақсад мамлакатимиз хавфсизлигини мустаҳкамлаш, халқимиз тинчлигини таъминлашдир", – деб айтган.

Шунингдек, президент полигон ёнидаги ҳарбий қисмда яратилган шароитларни, қурол-аслаҳа ва техникаларни кўздан кечирган. Профессионаллиги билан алоҳида намуна кўрсатган полковник Қодир Турсуновга автомашина, ҳарбий хизматчиларга планшетлар совға қилган.

Ўзбекистон Мудофаа вазирлиги президент фармойишига асосан 26 ноябрдан мамлакат бўйлаб ҳарбий қисмларнинг жанговар тайёргарлигини текшира бошлаганини маълум қилган эди.

Мудофаа вазирлигининг билдиришича, мамлакат бўйлаб 5 кун давом этадиган бундай кенг кўламли машғулотлар Ўзбекистон тарихида илк маротаба ўтказилмоқда. Бунга қадар бу каби ўқув машғулотлари фақат ҳарбий округлар даражасида ўтказилиб келанган.

XS
SM
MD
LG