Ссылки доступа

Андижонда 36 яшар она ва унинг ҳомиласи ўлди


Андижон вилоят, Балиқчи туман Тиббиёт бирлашмасининг туғруқ комплексида 28 ноябрь куни 36 яшар аёл туғруқ пайтида оламдан ўтди. Аёл қорнидаги ҳомиласи ҳам нобуд бўлди. Марҳумнинг яқинлари фожиада туғруқхона врачларини айбламоқда.

36 ёшли Э.К. қорнидаги учинчи фарзандини туғиш учун Балиқчи туман Тиббиёт бирлашмаси туғруқ комплексига ётганидан бир кун ўтиб, 28 ноябрь куни оламдан ўтди.

Балиқчи туман Тиббиёт бирлашмасининг туғруқ комплекси ходими шифокорларнинг "астойдил ҳаракатлари"га қарамасдан она қорнидаги боланинг ҳам ҳаётини сақлаб қолиш имкони бўлмаганини айтди.

– Билмаймиз негалигини. Энди экспертизага кетди, хулоса чиққанидан кейин маълум бўлади. Юрагидан тахмин қиляпмиз, инфаркт миокарда дейиляпти, кўтаролмаган бўлиши мумкин. Энди экспертизани кутяпмиз. Қорнидаги бола 37 ҳафталик эди. Болани ҳам сақлаб қололмадик, - деди туғруқ комплекси ходими.

Марҳумaнинг яқинлари она ва бола ўлимида туғруқхона врачларини айбламоқда. Марҳуманинг қариндоши "таъмагир врачлар"нинг бепарволиги боис, оила нобуд бўлди, деб даъво қилди. "Анчадан бери қорнида оғриқдан шикоят қилар эди. Қишлоқ врачлик пунктидагилар вақтида эътибор бермади. Ҳозир пул бермасангиз врачлар қарамайди. Тўрт кун аввал аҳволи ёмонлашгач, туман тиббиёт бирлашмасига ҳам борди. Лекин гинекология бўлими қабул қилмади. Охири ётадиган ҳолат бўлиб қолганидан кейин икки кун олдин қабул қилишди, лекин кеч бўлиб бўлган экан-да", - деди марҳумнинг қариндоши.

Балиқчи туман Тиббиёт бирлашмаси шифокорлари бу иддаони рад қилишмоқда. "Туғруқ пайтида аёлда патологик муаммо бўлмаган, ҳеч қанақа ноқислик кузатилмаган. Энди ўлим сабаби ҳақида экспертиза чиқса ҳаммаси ойдинлашади", - деди шифокор.

Балиқчи туман Соғлиқни сақлаш бўлими раҳбари воқеа юзасидан изоҳ беролмаслигини билдириш билан чекланди.

Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотига кўра, мамлакатда шу йилнинг ўзида оналар ўлими билан боғлиқ 59 та, болалар ўлими билан боғлиқ эса, 2.706та ҳолат қайд этилган. "Save The Children" ташкилоти ҳисоботида Ўзбекистонда ҳар минг боланинг бештаси туғилганидан сал ўтмай оламдан ўтиши айтилади.

XS
SM
MD
LG