Ссылки доступа

Грузиянинг сайланган президенти Россияни одам ўғирлашда айблади


Саломе Зурабишвили
Саломе Зурабишвили

Грузиянинг сайланган президенти Саломе Зурабишвили Грузия ва Украинага қарши ҳаракатлари туфайли Россия билан ҳамкорлик қилиш имкониятларига шубҳа қилмоқда. Бу ҳақда у Би-Би-Сига берган интервьюсида баёнот берди.

Зурабишвили Россияни аста-секин Грузия ҳудудларига кириб келишда ва «оккупация чизиғида» фуқароларни ўғирлашда айблади. У "оккупация чизиғи" деганда мустақиллиги тан олинмаган Жанубий Осетия республикаси билан бўлган чегарани назарда тутди. Сиёсатчининг таъкидлашича, унинг мамлакати Европапараст мавқеини эгаллайди ва Европа Москва билан мулоқот бошлашни истаган тақдирда унинг ортидан боради.

Бундан аввал Грузия расмийлари бир неча бор Россияни Жанубий Осетия чегара чизиғида одам ўғирлашда айблаб келган эди. Москва Жанубий Осетияни мустақил давлат дея тан олади ва мазкур минтақа ҳудудида 4 минг кишидан иборат ҳарбий базасига эга. Россиядан ташқари Жанубий Осетия суверенитетини атиги бешта давлат тан олган. Абхазия ва Жанубий Осетия 2008 йилда Россия ҳарбийлари иштирокида юз берган ҳарбий мажородан сўнг Грузиядан узоқлашган эди. Тбилиси ва Ғарб мамлакатлари минтақадаги Москванинг ҳатти-ҳаракатларини тажовуз ва оккупация сифатида кўради. Россия эса ўзининг ҳаракатларини тинчликни сақловчи амалиёт дея талқин қилади.

Президентлик сайловларида Зурабившили ўзининг рақиби Григола Вашадзедан салкам 20 фоиз кўп овоз олди. У ўзининг ғалабасини «Европа ғалабаси» сифатида таърифлади, ҳамда грузин давлатининг раҳбари бўлган биринчи аёл эканлигини қайд қилди. Собиқ президент Михаил Саакашвили тарафдорлари томонидан қўллаб-қувватланган Вашадзе сайлов натижаларини тан олмади. У ҳукуматни сайловчиларга босим ўтказишда ва овоз бериш натижаларини сохталаштирганликда айблади. Унинг сўзларига қараганда, «Грузия орзуси» ғалаба йўлида жиноят олами билан тил бириктирган. Мухолифат номзодининг тарафдорлари пайшанба куни кечқурун Тбилисида митинг ўтказишга қарор қилдилар.

XS
SM
MD
LG