Ссылки доступа

Тожикистонда колониядаги исён иштирокчиларига нисбатан жиноий иш очилди


Тожикистонда Хўжандаги қаттиқ режимли 3/3-сонли колонияда 8 ноябрга ўтар кечаси юз берган исённинг ўндан ортиқ иштирокчисига нисбатан янги жиноий иш қўзғатилди.

Жазони ижро этиш муассасида юз берган тартибсизликлар оқибатида, расмий Душанбе маълумотига кўра, 21 нафар маҳбус йўқ қилинди. Исён вақтида қамоқхонанинг икки ходими ҳалок бўлди, беш нафар қўриқчи оғир аҳволда Хўжанд шаҳридаги шифохонага ётқизилди.

Куни кеча 9 нафар махбус Хўжанддаги СИЗОга олиб келинди. Бу ҳақда ўз исмини ошкор қилишни истамаган вазиятдан хабардор манба маълум қилди. «Улар қотиллик, оғир тан жароҳати етказиш, хукумат вакилларига қаршилик кўрсатиш ва жазони ижро этиш муассасидаги режимни бузганликда айбланмоқда. Улар исённи уюштиришмаган, фақат колониядаги тартибсизликларда иштирок этишган холос»,-дея таъкидлади манба.

Унинг сўзларига қараганда, уларнинг ҳаммасига ТР Жиноят кодексининг 332 моддаси –«Озодликдан маҳрум қилиш жойидаги фаолиятни издан чиқариш ҳаракати» бўйича айб қўйилди. ​Манбанинг айтишича, айни дамда фақат бир айбланувчининг исми аниқ – у Муҳаммад Юнусовдир. «Менга маълум бўлишича, унга нисбатан Жиноят кодексининг 11та моддаси бўйича айб қўйилган», - дея таъкидлайди манба.

Хўжанддаги қаттиқ режимли 3/3-сонли колонияда юз берган исённи Тожикистон Бош прокуратураси тергов гуруҳи тергов қилмоқда. Терговнинг дастлабки хулосалари ҳақида маълумот йўқ. Шунингдек янги иш очилган маҳбусларнинг аниқ сони ҳам номаълум.

Тожикистон ҳукуматининг таъкидлашича, исённи бостириш вақтида фақат террорчи ва ўта хавфли жиноятчилар ўлдирилган.

«Ўлдирилган маҳбусларнинг 12 нафари “ИД” томонида туриб Сурия ва Ироқдаги жанговор ҳаракатларда қатнашгани учун жазони ўтаётган эди, уч нафари – “Ансоруллоҳ”, “Жундуллоҳ” ва Ўзбекистон Ислом ҳаракати экстремистик гуруҳларининг аъзолари эди, қолган олти нафари – одам ўлдириш ва ўта йирик миқдорда гиёҳвандлик воситаларини контрабанда қилганлик учун судланган эди», — деди Тожикистон ТИВ раҳбари Сирожиддин Мухриддин 22 ноябрь куни Брюсселда бўлиб ўтган матбуот анжуманида.

Бироқ, манбалар 8 ноябрга ўтар кечаси юз берган тартибсизликлар вақтида жазони ўтаётган 50га яқин кишининг ҳалок бўлганини айтишмоқда.Исён туфайли жазони ижро этиш муассасининг 7 нафар ходими ҳибсга олинди– улар орасида қамоқхона бошлиғи Файзулло Сафарзода ва режим бўлими бошлиғи Фарҳод Садиров бор. Манбанинг сўзларига қараганда, уларга нисбатан Тожикистон Жиноят Кодексининг 322 -моддаси 2 қисми – эҳтиётсизлик оқибатида инсонларнинг ўлими ёки оғир оқибатларга сабаб бўлган совуққонлик бўйича жиноий иш очилди.

Исён учун маъсулиятни «Ислом Давлати» (ИД) террор гуруҳи ўз зиммасига олди.

XS
SM
MD
LG