Ссылки доступа

Ўзбекистонликни Домодедово аэропортида ўзбекистонлик таксичи тўнади


Тошкентдан учиб келган ўзбек муҳожири Москванинг Домодедово аэропортида таксичи-босқинчилар қурбони бўлди. Исмини ошкор қилмасликни сўраган мигрант 7 минг рубль бериб ($105), таҳдид қилган шахслардан базўр қутилганини сўзлаб берди. Айтишича, уни "қопга туширган" ики кишининг бири ўзбекистонликдир.

Ўзбекистонлик 25 яшар Давронбек исмли йигит таксичи ва унинг шериги қурбони бўлганини айтиб берди.

- Бугун Тошкентдан Домодедово аэропортига икки соат олдин етиб келдим. Ёнимга 35-37 ёшлардаги одам келиб, Хоразм шевасида гапирди. У ерда 1000-800 рублга бошқа таксичилар олиб бориб қўяман деб турибди. Автобус ёнига келиб бу одам “Срочно юришим керак – 1 одам бўлса 100 рублга олиб кетаман метрогача!”, деди. Машинасига ўтирдим. Москва ҳалқа йўлига борганида у бурилди. Тўғри юришимиз кераклигини гапирсам у бензин қуйиб олишни баҳона қилди. Кольцевойдаги “Вегас” савдо маркази тагига стоянкага кирганидан кейин, ёнида ухлаб келган маст одам уйғонди. Пул сўради, мен 100 рубль берсам, “Сен 6750 рубл тўлайсан!”, деди.

Давронбек алданганини тушуниб, тортишишга уриниб кўрганини, аммо улар ортидан яна иккита такси машинаси келиб тўхтаганини айтаркан, воқеанинг давомини бундай ҳикоя қилди:

"Шу пайт биз турган жойга “ДПС” ёзуви бор полиция машинаси яқинлашиб келди. Мен бақириб, ойнани урдим, аммо улар кўрмасликка олди ва бошқа томонга бурилди. Хоразмлик киши менинг сумкамни, документларимни олди. Дўстларим уларнинг карточкасига пулни ўтказганидан кейингина машина эшигини очиб берди, ҳужжатларим ва сумкамни қайтарди. Кейин улар кетди".

Москвада 6 йилдан бери ишлаб келишини гапирган муҳожир йигит, Москвага, айниқса, Домодедово орқали учиб келаётган юртдошларига арзон нарх таклиф қилаётган нотаниш таксичилардан эҳтиёт бўлишни тавсия қилди.

Домодедово транспорт полицияси бундай вазиятларда зудлик билан полиция бўлинмаларига мурожаат қилишни тавсия қилмоқда.

XS
SM
MD
LG