Ссылки доступа

Тожик чақони ЮНЕСКО маданий мероси рўйҳатига киритилди


БМТнинг Таълим, Фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти - ЮНЕСКО Тожикистондаги чақон тикиш санъатини Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатига киритди.

Бу борадаги қарор 29 ноябрь куни ЮНЕСКОнинг номоддий маданий меросини сақлаш ҳукуматлараро қўмитасининг Порт-Луи (Маврикий Республикаси)да бўлиб ўтган йиллик анжуманида қабул қилинди.

«Чақон» нақшлари ва уни тўқиш қадим-қадимдан Хатлон вилояти ва Дарвоза (ТБМВ)да либосларни безатишда ишлатиб келинган. Бунинг учун турли рангли жун иплардан фойдаланилади, қўлда тайёрланади. Куртаи чақон («Чақон либоси») - қўлда тикилган нақшлар билан безатилган кенг либос бўлиб, юз йиллардан бери Тожикистоннинг тоғли худудларида аёлларнинг миллий либоси бўлиб келган. Чақондан ўрин олган кўплаб нақшларда бугун бу халқнинг исломгача бўлган даврига оид маданият билан боғлиқ рамз ва элементларни учратиш мумкин. Наврўз байрамида чақон атлас сингари тожик қизларининг севимли либосига айланади.

Тожикистонда шунингдек, чақон билан безатилган сўзана ва дўппилар ҳам машҳур.

Бугунги кунда Инсониятнинг номоддий маданий мероси Репрезентатив рўйхатида 399 элемент бор. Рўйхат тузилишидан мақсад турли жамоаларнинг асрлардан асрларга аждодлардан авлодларга ўтиб келаётган урф-одат ва аньаналарига эътиборни қаратишдан иборат.

Эслатиб ўтамиз, 2016 йил декабрида «оши палав» (“палов ош”) ЮНЕСКОнинг номоддий маданий мероси рўйхатига «Тожикистоннинг миллий таоми ва унинг ижтимоий-маданий ҳаётидаги таоми” сифатида киритилган эди. «Оши-палав (палов) Тожикистонда аньанавий таом саналади ва маданий мероснинг таркибий қисми сифатида кўрилади. Тожикистонда «Таомлар шоҳи» деб аталмиш палов гуруч, гўшт ва бошқа зираворлардан тайёрланади, шу билан бирга Тожикистонда паловнинг 200га яқин тайёрлаш рецепти бор», дейилади ЮНЕСКО хабарида.

XS
SM
MD
LG