Ссылки доступа

Ичан қалъадан аҳоли кўчирилади деган хабарни маҳаллий мулозимлар рад этди


Хива “Ичан қалъа” музей-қўриқхонаси илмий котиби Дилмурод Бобожонов шаҳарнинг тарихий қисми бўлган Ичан қалъада азалдан истиқомат қилиб келаëтган аҳоли кўчирилмаслигини билдирди.

Бобожоновга кўра¸ Хива 1968 йили Марказий Осиëда биринчи мартда ЮНЕСКОнинг умумжаҳон маданий мероси рўйхатига одамлар тарихий изчилликда узлуксиз яшаëтган қадимий шаҳар сифатида киритилган.

Ўзбекистон президенти матбуот хизмати 30 ноябрь куни “Шавкат Мирзиëев Хиванинг тарихий қисмида яшаётган аҳолини шаҳарнинг тарихий қисмидан кўчирииш ҳақида топшириқ берди”, деб хабар қилган эди.

Тошкентлик меъмор Абдумалик Турдиев “Аҳолисиз Хива бу - жонсиз танадир. Аҳолини кўчириш топшириғи авантюрадан бошқа нарса эмас” дея қатъий норозилик билдирди.

Ўзбекистон маданият вазирлигининг мулозими “Президентнинг гапи матбуот хизмати томонидан нотўғри талқин қилинган бўлиши мумкин”, деган эҳтимолни илгари сурди:

- Президент "шаҳарнинг тарихий қисмидаги аҳоли кўчириб юборилсин", деб айтиши ақлга сиғмайди. Агар шаҳарда одамлар яшамаса, Хива музей-шаҳар мақомини йўқотадику?! Одамлар музейнинг бир қисмику?! Ажралмас қисми. Шаҳрисабзда шу йўл тутилганида шаҳарни ЮНЕСКО рўйхатидан чиқариш масаласи қўйилди. Менимча, матбуот хизмати президент гапидан нотўғри иқтибос келтирган, - деди мулозим.

Швейцариядаги Alerte Héritage ташкилоти Бош котиби¸ санъатшунослик фанлари доктори¸ профессор Светлана Горшенина ва айни ташкилот раҳбари, тарих ва меъморлик бўйича фан доктори Борис Чуховичлар “Хива шаҳрининг қадимий тарихи ва бугуни ўртасидаги тирик боғликликни таъминлаб келаëтган шаҳар аҳолисининг кўчириб юборилиши кечириб бўлмас хатодир”, деган фикрни билдирдилар.

"Биринчидан, давлат одамларни ўз оиласининг қадимий тарихи ва хотираси билан боғлиқ кўприкдан жудо қилмоқда. Аҳолисиз шаҳар бу туристик супермаркетдаги туссиз сувенирдан бошқа нарса эмас. Аҳолини кўчириб юбориш эвазига дўкон очганимизда келадиган валюта тушумидан кўра¸ шаҳарни тарих билан боғлайдиган аҳоли қатламидан жудо қилишдан келадиган талафот кўлами катта ва даҳшатлидир”, - деди Светлана Горшенина

Маданият вазирлиги мулозимига кўра¸ умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Хива шаҳридаги Ичан қалъа муҳофазаси кучайтирилган. "Вазирлар Маҳкамаси “ЮНЕСКОнинг умумжаҳон мероси рўйхатига киритилган Ўзбекистон Республикасидаги ҳудудларни муҳофаза қилиш тўғрисида”ги 435-сонли қарорни 2018 йилнинг 9 июнида қабул қилган. Агар Хива тарихий қисмидаги аҳоли кўчирилса, бу қарорга зид бўлади", деди мулозим.

XS
SM
MD
LG