Ссылки доступа

Эмомали Раҳмон миллий авиаташувчи фаолиятини текширишни топширди


Тожикистон президенти Эмомали Раҳмон ҳукуматнинг 29 ноябрь куни бўлиб ўтган мажлисида миллий «Таджик Эйр» авиакомпанияси фаолиятини танқид қилди ва унинг фаолиятини текширишни топширди.

Давлат раҳбари миллий авиаташувчи фаолиятидаги учта асосий муаммони тилга олиб ўтди. Бу ҳақда ТР ҳукумати мажлисида иштирок этган хукуматдаги иккита манба бирданига хабар берди. Уларнинг сўзларига қараганда, учрашувда «Таджик Эйр» авиакомпаниясининг раҳбари Хайрулло Раҳимов иштирок этган. Авиакомпания фаолияти ҳақида гапирган Эмомали Раҳмон мамлакат энг катта бўлган «Боинг 767-332» йўловчи самолёти харид қилганлигига эътибор қаратди.

Суҳбадошларнинг айтишларича, Эмомали Раҳмоннинг сўзларига қараганда, самолётнинг нархи тўғрисидаги ҳужжатлардаги баҳолар унинг хақиқий нархидан бир неча баробар ошиб кетганлиги борасида гап-сўзлар юрибди. У аксилкоррупция агентлигига мана шу миш-мишларни текшириб кўришни топширди. «Таджик Эйр» 2016 йил декабрида «Боинг 767 -332» самолётини харид қилган эди. Ҳаво кемаси аввал Американинг «Дельта», кейинроқ эса Нигериянинг «Кабо эйр» авиакомпаниясига тегишли бўлган. Самолёт 1987 йилда ишлаб чиқарилган. Унинг эксплуатация муддати 30 йилдан ошиб кетган.

Молиявий назорат ва коррупцияга қарши кураш Давлат Агентлиги мамлакат раҳбари «Таджик Эйр» фаолиятини текшириш тўғрисида топшириқ берганини тасдиқлади, бироқ тешириш муддатлари ҳақида билмасликларини таъкидлашди.

Мамлакат президенти шунингдек миллий авиаташувчи раҳбариятига компания ходимларига уч ойдан бери маош тўланмаётгани, фойдаланилган аэропортлар учун ўз вақтида ҳақ тўланмаганлигини ва ёқилғи билан таъминланмаётганлигини шаъма қилиб ўтди.

Мамлакатдаги ягона миллий авиаташувчи рейслар кечиктирилиши ва хизмат кўрсатиш сифати яхши эмаслиги боис доимий равишда матбуотда танқид қилинади. Давлат дастурига кўра, «Таджик Эйр» акцияларининг маълум қисми хусусий қўлларга топширилиши керак, эскириб қолган 21 та самолёт эса сотувга қўйилиши кўзда тутилган.

XS
SM
MD
LG