Ссылки доступа

Шарқий Қозоғистондаги шахтада икки нафар ишчи ҳалок бўлди


Шарқий Қозоғистон вилоятининг Орлов шахтасида икки киши ҳалок бўлди. Бу ҳақда KAZ Minerals компания гуруҳи маълум қилди. Компания тарқатган хабарга кўра, шахтанинг уч нафар ходими 2 декабрь куни ҳушсиз ҳолда топилган.

Ҳодиса жойига етиб келган мутахассислар икки нафар ишчининг вафот этганини тасдиқладилар, яна бир жабрдийда шифохонага ётқизилди, дея хабар берди компания. Шифохонага ётқизилган ходимнинг аҳволи барқарорлашмоқда.

KAZ Minerals компанияси юз берган ҳодиса тафсилотларини ошкор қилмади. Тарқатилган хабарларга кўра, ҳодиса сабаблари ва у билан боғлиқ вазиятни ўрганиш мақсадида махсус комиссия ташкил этилди.

«Востокцветмет» корхонасига тегишли бўлган Орлов шахтаси Шарқий Қозоғистон вилоятининг Бородулихинск туманидаги Жезкент қишлоғида жойлашган. Мис-полиметалл рудалар қазиб олинадиган шахта эгаси KAZ Minerals компанияси бўлиб мис етиштириш бўйича Қозоғистонда етакчилардан биридир.

Акцияларининг учдан бир қисми миллиардер Владимир Кимга тегишли бўлган KAZ Minerals PLC таркибига Шарқий Қозоғистон вилоятидаги тўртта ер остикони (жумладан Орлов шахтаси), тўртта бойитиш фабрикаси ва Қирғизистондаги Бозимчак очиқ кони киради.

XS
SM
MD
LG