Ссылки доступа

Шаҳрисабзда 7-синф ўқувчиси ўзини осиб ўлдирди


Generic -- Cuicide
Generic -- Cuicide

28 ноябрь куни Шаҳрисабздаги 1- лицейнинг 7- синфида ўқийдиган бола ўз уйида осилган ҳолда топилди. Туман Ички ишлар бўлими навбатчисининг айтишича, юз берган воқеа юзасидан туман прокуратураси ўз суриштирувини бошлаган.

Болалари ушбу лицейда ўқийдиган шаҳрисабзликнинг иддао қилишича, ўқувчига лицейда дакки берилгани ортидан у ўз жонига қасд қилган.

Марҳумнинг қўшниларидан бирига кўра, воқеа 28 ноябрь куни кечки соат 4:30ларда содир бўлган. “Боланинг оиласи жуда тартибли оилалардан бири. Зиёли оила. Бу оила ҳақида ҳеч ёмон гап эшитмаганмиз. Оиласида икки қиз, бир ўғил бор эди. Энди фақат қизлари қолди. Эшитиб шокка тушдик. Бола ҳам аълочи бўлган деб эшитганмиз. Ҳар хил миш-миш тарқалди. Кимдир лицейда болага роса дакки берганини айтишди. Лекин ўша куни уни кўрганлар, боланинг кайфияти яхши бўлганини айтишди”, дейди аёл.

Бошқа бир шаҳрисабзликнинг иддао қилишича, 7-синф ўқувчиси мактабда изза қилишгани учун ўз жонига қасд қилган. “Менинг иккита болам шу лицейда ўқийди. Бу воқеа ҳақида болаларим айтиб берди. Кейин ўқитувчилари билан гаплашдим. Уларнинг айтишича, ўша куни бу ўқувчи лицей синфларидан бирининг деразасини синдириб қўйган. Шунинг учун ўқитувчиси болага роса дакки берган. Бола уйига бориб, ўзини осиб қўйган”, деди шаҳрисабзлик йигит исмини очиқламаслик шарти билан.

Лицей директори Шарофиддин Зайниддинов ўқувчига ўқитувчиси томонидан дакки берилганини мутлақо инкор қилди. “Бизнинг “Ҳамма бир-бирини сизлаши лозим” деган шиоримиз бор. Лицейда бирорта ҳам ўқувчига дакки берилмайди. Ўқувчиларимизни танлаб олганмиз. Ҳаммаси тартиб-интизомли ўқувчилар. Бу бола ҳам яхши ўқирди. Фақат "4", "5" га ўқирди. Кейин лицейда дераза сингани ва уни ўқитувчиси уришгани бўлмаган гап. Ҳеч ҳам бундай нарса бўлмаган”, дейди мактаб директори.

Айни пайтда Зайниддинов яқинда лицейда ўтган ота-оналар йиғилишида марҳум ўқувчининг баҳолари фақат "5" эмаслиги ҳақида гапирилганини айтди.

“Ўша йиғилишда бу ўқувчининг онаси ҳам қатнашган. Боланинг 4-5 та "4" баҳоси борлиги айтилган. Кейин боланинг онаси келиб, ўғлининг дарсида ҳам қатнашиб кетди. Онаси бизга раҳмат айтиб кетди. Лекин ҳеч қайси ўқитувчиси болани "4" баҳо олгани учун уришгани йўқ”, деди лицей директори Шарофиддин Зайниддинов.

Шаҳрисабз туман Ички ишлар бўлими навбатчисининг айтишича¸ юз берган воқеа юзасидан туман прокуратураси ўз суриштирувини бошлаган.

Мамлакатда суицид ҳолатлари ошаётгани Ҳукумат мажлисида айтилган. Аввалроқ, жорий йилда Яккабоғ¸ Андижон¸ Тошкент ва Самарқанд шаҳарларида ўқувчиларнинг ўз жонига қасд қилгани ҳақида хабар қилган эди.Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, ҳар йили мамлакатда 100 минг кишидан 6 нафари ўзини ўлдиради.

XS
SM
MD
LG