Ссылки доступа

Алишер Усмонов криминал авторитет билан "алоқалари борлиги" айтилган мақолаларни олиб ташлашни талаб қилди


Миллиардер Алишер Усмонов Москвадаги Басман судига даъво аризаси билан мурожаат қилиб, интернетдан учта мақолани олиб ташланишини талаб қилди. Мақолаларда унинг криминал авторитет Захар Калашов (Шакро Молодой) билан алоқалари ҳақида сўз юритилган.

Бу ҳақда РБКга суд вакили маълум қилди. Усмонов маънавий зарар қопланиши учун 50 минг рубл ($750) талаб қилмоқда. Russian Criminal сайтида эълон қилинган мақола унга маънавий зарар етказгани маълум қилинди.

Судга Усмановнинг адвокатлари томонидан берилган даъво аризасида учта материал: «Алишер Усмонов. Мақоми: Авторитет» , «Алишер Усмонов Шакро ишида», шунингдек «Усмоновнинг Уюшган Жиноий гуруҳлар билан алоқалари ҳақида», деб номланган мақолалар тилга олинган. Миллиардернинг фикрича, мақолалар матнларида нотўғри маълумотлар берилган ва бу маълумотлар унинг қадр-қиммати ва шаънини ҳимоя қилувчи ҳуқуқини бузади.

Ишда жавобгар сифатида шунингдек, Роскомнадзор ҳам кўрсатилган, Алишер Усмонов бу идорадан ўзининг Шакро Молодой билан эҳтимолий алоқалари тўғрисидаги материалларни олиб ташланишини сўрамоқда.

Москва суди март ойи сўнгида Захария Калашовни 9 йил муддатга қаттиқ режимли колонияга озодликдан маҳрум қилиш тўғрисида ҳукм чиқарган эди . У таъмагирлик билан боғлиқ иккита ҳолатда айбланди. Биринчиси Москванинг Рочдельский кўчасида жойлашган Elements қаҳвахонаси хўжайини Жанна Ким, иккинчиси эса "Норднефтегаз" директори Лев Гарамов билан боғлиқ. Калашов бу тадбиркорлардан 8 ва 10 миллион рубл талаб қилган. Ҳукм 28 ноябрь куни тасдиқланди.

2017 йилнинг май ойида Усмонов қадр-қиммати ва шаънини ҳимоя қилиш мақсадида Коррупцияга қарши кураш Фондининг таъсисчиси мухолифатчи Алексей Навальнийга қарши даъво аризасини берган эди. Ўшанда сиёсатчи Бош вазир Дмитрий Медведевга Рублевкадан ноқонуний ер участкаси ажратиш учун схема ташкил қилганликда миллиардерни айблаган эди. Усмонов буни ёлғон дея атади. Биринчи инстанция суди Навальнийнинг фильмини интернетда намойиш қилинишини тақиқлаш борасида ҳукм чиқарди. Бироқ 2017 йилнинг августида Москва шаҳар суди бу қарорни юмшатди – Навальнийга видеодаги фрагментларнинг айрим қисмларни кесиб ташлаш юклатилди. Суд қарорини Коррупцияга қарши кураш фонди бажарди, фильмдаги Усмонов тўғрисидаги фрагмент сайтдан 2017 йилнинг октябрида олиб ташланди.

XS
SM
MD
LG