Ссылки доступа

Туркманистонда бензин тақчиллиги кузатилмоқда


Туркманистонда яна автомобиль ёқилғиси тақчиллиги кузатилмоқда. «Озодлик» мухбирларининг хабар қилишларича, айни дамда Лебап ва Дашўғиз вилоятларининг ёқилғи қуйиш шахобчаларида бензин йўқ, мабодо бензин бўлгудек бўлса, узундан узун навбатлар билан сотилмоқда.

"Мана икки ҳафта бўлибдики Дашўғизнинг шаҳар ва этрапларида бензин тақчиллиги кузатилмоқда. Ҳудди шу каби вазиятни Лебап вилоятининг барча ҳудудларида учратиш мумкин. А-95 бензинини шаҳобчаларга умуман олиб келишмайди, фақат чекланган миқдорда А-80 ни олиб келишмоқда", - дея хабар берди 3 декабрь куни «Озодлик» мухбири.

Унинг сўзларига қараганда, айрим шаҳобчалар бўм-бўш. Мабодо бензин олиб келишгудек бўлса, машиналарнинг узундан узун навбати пайдо бўлади, ёқилғи эса чекланган миқдорда сотилади. "Атиги 10 литрдан, айрим ҳолларда 20 литрдан сотишади. Шунга қарамай бензин ҳаммага ҳам етавермайди. Менинг ўзим пайшанба куни Керки ва Чоржуй (ҳозирги Туркманобод - таҳ.)да бўлдим, ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида машиналар шу қадар кўп эдики, яқинлашиб бўлмасди", - дея хабар беради «Озодлик»нинг Туркманистондаги мухбири.

Бензин тақчилиги фонида ёқилғининг нархи кўтарилиши кутилмоқда. Октябрь ойи бошларида «Озодлик»нинг Туркманистондаги манбалари тахминан 2019 йилнинг январидан бошлаб бензиннинг А-95 ва А-80 турлари нархи икки баробар ошиши ҳақида маълум қилган эди. Октябрь ойи охирларида пойтахтдаги ёқилғи қуйиш шаҳобчаларида бензин учун навбатлар кузатилган эди. «Озодлик» мухбирларининг хабар қилишича, аҳоли кўп ҳолларда бензинни қимматга сотиб олиб бўлса-да, ёқилғини ғамлаб қўймоқда.

Ёқилғи тақчиллиги кузатилишига қарамай, Туркманистон ҳукумати шу йил давомида нефть маҳсулотлари, жумладан бензин ишлаб чиқариш режаси ортиғи билан бажарилгани ва ҳатто экспорт қилингани ҳақида ҳисобот берди.

XS
SM
MD
LG