Ссылки доступа

Испан сайëҳлари шикояти ортидан Бухородаги машҳур ресторан ва меҳмонхона текшир-текшир остида қолди


Халқаро туризм агентликлари рейтинги бўйича Бухородаги энг яхши 10 ресторандан бири саналган "Бадриддин" ресторани бу ерда овқатланган испаниялик эр-хотиннинг оғзаки шикояти ортидан маҳаллий ҳуқуқ тизимлари текширувлари ëмғири остида қолди.

Бухоронинг сайëҳлар гавжум Лаби ҳовуз ансамблида жойлашган "Бадриддин" ресторанида жорий йилнинг 5 сентябрь куни емак еган испан туристларидан иккитаси вегетариан ошнинг қимматлигидан туризм полициясига оғзаки шикоят қилгани ортидан¸ вилоят ИИБси ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғаган.

Жиноят иши доирасида нафақат "Бадриддин" ресторани, балки у қарашли бўлган Бухоро Лола Сервис МЧЖ фаолияти ИИБ¸ прокуратура ва солиқчилар томонидан кенг кўламли тафтиш нишонига айланган.

Бу ширкатга яқин тадбиркорлар¸ "ҳеч қандай жиноят аломати йўқ воқеа баҳонасида Лола сервиснинг нафақат "Бадриддин" ресторани¸ балки унинг икки меҳмонхонасини қасддан синдириш уринишлари бораëтгани" ва бунга маҳаллий матбуот ҳам жалб қилинганини билдирди.

Воқеанинг бевосита гувоҳлари ҳикоясига кўра¸ 2018 йилнинг 5 сентябрида Лаби ҳовуз ансамбли марказидаги "Бадриддин" ресторанига келган испаниялик олти мижоз тўртта ош (иккитаси гўштсиз)¸ салат ва ичимлик буюрган.

Овқатланиб бўлганидан сўнг тақдим этилган 189 минг 200 сўмлик ҳисоб¸ аниқроғи¸ ундаги вегетариан ош нархини кўрган испаниялик сайёҳ Ortiz Sanchez Francisco Javier ва унинг хотини Rodriguez-Contreras Perez¸ нархни қиммат деб топган.

Стол устида турган иккита менюни олиб¸ уларнинг биридаги нархнинг иккинчисидан икки баравар қимматлигини рўкач қилган эр-хотин¸ туризм полицияси вакилини чақиртириб¸ унга оғзаки шикоят қилган.

Бу шикоятдан ярим соат ўтиб-ўтмай¸ Бухоро вилояти Ички ишлар бошқармаси хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси бошлиғининг ўринбосари Ниëзий Болтаев бошчилигидаги 10 кишилик отряд "Бадриддин" ресторанига етиб келди¸ дейди воқеа гувоҳларидан бири.

“Ҳамманинг¸ хусусан¸ испаниялик ва бошқа чет эллик сайëҳлар кўз ўнгида Болтаев "Бадриддин" ресторани бошқарувчисини роса ҳақорат қилди. “Пул учун ўлиб кетасан сен пасткашлар”¸ деб. Гўë чет эллик одаму бизникилар одаммасдек. Унинг ҳақоратларини сайëҳларга таржима қилиб туришди”¸ дейди Лаби ҳовуздаги машҳур ресторанда кўтарилган жанжалга бевосита гувоҳ бўлган мижозлардан бири.

"Бадриддин" ресторанининг собиқ хизматчиларидан бирига кўра¸ Лаби ҳовуз ансамблида жойлашган бу емакхона мижозларининг 75 фоизини туристлар¸ қолганини эса¸ маҳаллийлар ташкил этади.

“Икки хил нарх белгиланган иккита меню борлиги рост гап. Биринчи¸ арзон нархлар турфирма билан буюртма берадиганлар ва маҳаллий аҳоли учун, иккинчиси ўзича кирадиган туристлар учун. Оптом, розницага ўхшайди буям. Чет элликларга хизмат кўрсатадиган официантларнинг деярли ҳаммаси олий маълумотли¸ чет тилларини биладиганлар эди. Уларнинг ойлиги ҳам шунга яраша бўлган. Туристларга бериладиган менюда нарх аниқ ëзиб қўйилган. Ëқмаса¸ бу ерда овқатланмаслиги мумкин эдику! Испанлар овқат буюришдан олдин менюни кўрган¸ овқатнинг нархини олдиндан билиб¸ заказ қилган”¸ дейди "Бадриддин" ресторани собиқ хизматчиларидан бири.

"Бадриддин" ресторанига яқин тадбиркорлардан бирининг билдиришича¸ ИИБ хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси бошлиғи ўринбосари¸ подполковник Ниëзий Болтаев ташаббуси билан 5 сентябрь кунги воқеа катталашиб¸ 15 октябрь куни Бош прокуратура ҳузуридаги Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш Департаментининг Бухоро шаҳар бўлими ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатишга қарор қилган. Шундан сўнг ишни тергов қилиш Бухоро ИИБсига оширилган.

"Бадриддин" ресторани билан боғлиқ иш тафсилотларидан бевосита хабардор тадбиркорнинг айтишича¸ 5 сентябрь кунги испан туристларининг шикояти баҳонасида Бухоро Лола сервис МЧЖга қарашли нафақат бу ресторан¸ балки унинг меҳмонхоналарини ҳам комплекс текшириш бошланган.

Вазирлар Маҳкамасининг 23.11.2017 йилдаги 939-сон қарори билан
Ўзбекистоннинг сайëҳлик маркази деб қараладиган Самарқанд¸ Бухоро¸ Хива ва Шаҳрисабзда ИИБ қошида хавфсиз туризмни таъминлаш бошқармаси ташкил этилган эди.

Концепцияга кўра¸ "хавфсиз туризм ҳолатини мониторинг қилиш, сайёҳларни бўлғуси хавф-хатарлар ҳақида реал вақт режимида огоҳлантириш ҳамда уларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда ёрдам бериш" бу бошқармаларнинг асосий вазифаси этиб белгиланган.

XS
SM
MD
LG