Ссылки доступа

Тожикистонда 3 ёшли набирасини тириклайин кўмган аёл судланмоқда


Тожикистоннинг Хатлон вилояти прокуратураси бувиси томонидан уч ёшли болакайнинг ўлдирилиши билан боғлиқ шов-шувли жиноий иш терговини якунлади. «Қотиллик» моддаси бўйича очилган Жиноий иш судга юборилди, дея 4 декабрь куни вилоят прокуратурасидаги манба маълум қилди.

Ҳодиса 12 сентябрь куни Абдураҳмон Жомий туманидаги Ифтихор жамоатидаги Навобод қишлоғида юз берди, 58-ёшли Хожарой Ашурова ўз набираси Беҳрузжони аввалига бўғиб қийнаган, сўнг тупроққа кўмиб юборган.

«Сўроқ вақтида Хожарой Ашурова нафақат уйда, балки одамлар олдида ҳам доимий равишда жанжаллашиб келган келини Гулсанам Боймуродовани ёқтирмагани боис набирасини ўлдирганини тан олди», - деди манба.

Беҳрузжоннинг онаси Гулсанам Боймуродова ўғлини ўлдирган қайнонасини кечирганини айтди. «Мен эрим билан ажрашиш ниятим йўқ, бироқ бу уйда яшай олмайман. Бу ердаги ҳамма нарса менга Беҳрузжонни эслатади», - дейди келин. Фожиадан сўнг Гулсанам отасининг уйига қайтиб келди. У қайнонаси билан муносабатлари яхши бўлмаганини тасдиқлади. «Бу каби жанжал ва тўполонлар ҳар бир оилада бўлиб туради. Аммо бу жанжаллар боланинг ўлдиришга сабаб бўлиши керак эмас»,- дейди Беҳрузжоннинг онаси.

Ўз бувиси томонидан Беҳрузжоннинг ўлдирилиши Тожикистон аҳолисини даҳшатга солди. Одамлар Хожарой Ашурова набирасини тириклайин кўмганини эшитиб ўзларини йўқотиб қўйишди.

Ашурова набираси чўкиб кетгани тўғрисида хабар берганидан сўнг Беҳрузжоннинг жасадини қидириш бошланди. Қидириш ишларида қишлоқ аҳолиси милиция ходимларига ёрдамга келди, улар каналдан Беҳрузжоннинг жасадини қидиришди. Бироқ жасад мутлақо бошқа ердан топилди – қидирувнинг олтинчи куни маҳаллий чўпон жасадни Махатони қишлоғи яқинидаги жарликдан топди.

"Милиция ходимлари томонидан ўтказилган оператив-қидирув тадбирлари натижасида Абдураҳмон Жомий туманидаги Ифтихор жамоатидаги қишлоқда истиқомат қилувчи 58 ёшли Хожарой Ашурова тахминан 10.00ларда ўз набирасини тириклайин кўмгани ва бунинг натижасида болакай вафот этгани аниқланди. Болакайнинг жасади олти кундан кейин топилди», - дея хабар берди Тожикистон ИИВ матбуот маркази.

Суд жараёни яқин кунларда бошланади. Аёл 8 йилдан 15 йилгача озодликдан маҳрум қилиниши мумкин.

XS
SM
MD
LG