Ссылки доступа

Шаҳрихонда ис газидан заҳарланган 70 кишидан 18 нафари бола бўлган


Андижон вилоят, Шаҳрихон туманида 1 декабрга ўтар кечаси исдан (ис газидан) заҳарланган 70 нафар беморнинг 18 нафарини болалар ва 48 нафарини хотин-қизлар ташкил этади.

Вилоят тиббиёт бирлашмаси мулозимига кўра, Шаҳрихон туман марказий касалхонаси шифокорларига 30 ноябрь – 1 декабрь куни исдан заҳарланганлар сонини 30 нафардан ошмаган деб ёзиб бериш, буюрилган.

Бошқа бир ҳужжатда Шаҳрихон туманида 76 киши ис газидан оммавий заҳарлангани ёзилган, лекин тиббиёт бирлашмаси бу ҳолатни жамоатчиликдан яширган.

1 декабрь куни Шаҳрихон туманининг турли ҳудудларидан кўмир ҳидидан заҳарланган қарийб юз нафар бемор касалхонага “Тез ёрдам” автомобилида олиб келингани, шулардан 70 нафари касалхонага ётқизилгани ҳақида врачлардан олинган маълумотларга таяниб хабарлар берилган эди.

Шифокорларнинг айтишларича, 30 ноябрь кечаси Андижонда қаттиқ шамол бўлгани сабабли, асосан кўмир ёқиладиган печка қувуридан чиқадиган ис газини шамол ортга қайтариб урганлиги оқибатида одамлар заҳарланган.

Бу хабардан сўнг, ўша куннинг ўзида Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизмати Шаҳрихон туманида фақат икки киши исдан заҳарланганлигини айтиб, оммавий заҳарланиш бўлганини инкор қилган эди.

Шаҳрихон марказий касалхонасига 30 ноябрь – 1 декабрь кунлари ис газидан заҳарланиб даволанишга ётқизилганлар сони 70 киши эканлиги ҳақидаги ҳужжат “Ис газидан заҳарланганлар рўйхати” деб аталади.

70 нафар беморнинг 48 нафари қиз-аёл ва 18 нафари бир ёшдан 16 ёшгача бўлган боладир. Рўйхатда ис газидан оилавий заҳарланганлар ҳам бор.

Шаҳрихон Шошилинч тез тиббий ёрдам марказининг ҳамшираларидан бири ўша куни навбатчиликда турган ҳамкасбларига нисбатан тазйиқ бошланганганини айтди.

Андижон вилоят соғлиқни сақлаш бошқармасининг мулозимларидан бирининг айтишича, Шаҳрихон туман марказий касалхонасининг ис газидан заҳарланган одамларга қараган врачларига касаллар сонини сунъий камайтириш топширилган. “Бугун шаҳрихонлик врачлардан бир-иккисини кўриб қолдим, кайфиятлари йўқ, сўрашмай ҳам ўтиб кетишди. Кейин суриштириб билсам, уларга 70 нафар заҳарланганларни 25-30 тагача “камайтириш” топшириғи берилибди”.

Шаҳрихон тиббиёт бирлашмасининг исми сир қолишини сўраган шифокорларидан бирининг айтишича, Ўзбекистон Бош прокуратураси матбуот хизматининг 1 декабрь куни ис газидан фақат икки киши заҳарлангани ҳақидаги баёноти Шаҳрихон тиббиёт бирлашмаси раҳбарининг маълумотига таяниб берилган.

XS
SM
MD
LG