Ссылки доступа

Санкт-Петербургда сохта-консул мигрантларга умуман йўқ давлатнинг паспортини сотган


Санкт-Петербург шаҳар полициячи маҳаллий аҳоли вакилини ушлади. Ушланган шахс шаҳар аҳолиси ва Марказий Осиёдан келган мигрантларга умуман йўқ бўлган Apatrid – Stateless people international (ASPI) давлатининг паспорти ва ҳайдовчилик гувоҳномасини сотиш билан шуғулланиб келган.

ASPI деб номланган давлатни ўйлаб топган ва ўзини бу давлатнинг консули дея эълон қилган узоқ масофага сузувчи кеманинг собиқ капитани Валерий Сухановга нисбатан “Фирибгарлик” моддаси бўйича жиноий иш қўзғатилди, дея хабар берди Россия ИИВнинг Санкт-Петербург шаҳри ва Ленинград вилоятидаги Бош бошқармаси матбуот хизмати.

Ўйлаб топилган давлат паспортини камида олти киши - тўрт нафари Тожикистон фуқароси, бир нафари ўзбекистонлик ва яна бир нафари покистонлик сотиб олган. Сухановнинг хонадони тинтув қилинганида ASPI давлатида яшамоқчи бўлган камида 160 кишининг суратлари ва ҳужжатларининг нусхалари топилди.

Валерий Суханов паспорт ва ҳайдовчилик гувоҳномаси учун 100 минг рубл ($1500) талаб қилган, у ўз мижозларини қаҳвахона ёки кўчада қабул қилган. Сохта-консулнинг таъкидлашича, бу ҳужжатлар дунёнинг 200та мамлакати ҳудудида амал қилар экан.

Валерий Сухановнинг «ВКонтакте» ижтимоий тармоғидаги саҳифасида унинг Душанбе шаҳрида туғилгани кўрсатилган. Маълум бўлишича, у узоқ вақт узоққа сузувчи кема капитани бўлиб ишлаган, Санкт-Петербургга эса Челябинскдан келган.

Санкт-Петербург электротехника Давлат университети катта ўқитувчиси Фаррух Сатторовнинг фикрича, тожик мухожирлари нафақат ишонувчанликлари, балки билим даражаси паст бўлгани учун ҳам тез-тез фирибгарлар ўлжасига айланади. «Айрим ватандошларимиз, қўпол қилиб айтганда саводсиз. Мана шундан фирибгарлар фойдаланиб қолишади», - дейди олим.

Унинг айтишича, Россия паспортини олиб, шу тариқа бу мамлакатда бўлишни қонунийлаштирмоқчи бўлганлар фирибгарларнинг тузоғига тушиб қолади.

XS
SM
MD
LG