Ссылки доступа

Тожикистонда колониядаги исёндан сўнг прокуратуранинг 6 вакили ишдан бўшатилди


Тожикистон Бош прокуратураси Хўжанддаги қаттиқ режимли №3/3 колониядаги исённи тергов қилиш доирасида Сўғд вилоят прокуратурасининг 6 нафар маъсул ходимини ишдан бўшатди.

8 ноябрь куни кечқурун юз берган тартибсизликлар вақтида расмий маълумотларга кўра, 21 нафар маҳбус ҳалок бўлган. Исён вақтида қамоқхонанинг икки нафар ходими ўлдирилди, беш нафар қўриқчи оғир аҳволда Хўжанд шаҳар шифохонасига ётқизилди.

Бош прокурор қарорига биноан вилоятдаги жазони ижро этиш муассаси устидан назоратни амалга оширувчи прокурор Завқибек Шарифзода ва унинг ўринбосарларидан бири Маъмур Аъзамзода, вилоят прокуратураси жазони ижро этиш муассасалари устидан назорат бўлими бошлиғи ва шу бўлимнинг уч нафар ходими ишдан бўшатилди, дея хабар берди 6 декабр куни хабардор манба.

Бошқа бир манбанинг маълумотига кўра, Хўжанддаги колонияда юз берган исёндан сўнг Тожикистон Бош прокуратурасининг барча бошқарма ва бўлимлари текширувдан ўтказилди. Бош прокуратуранинг жазони ижро этиш муасссалари устидан назорат Бошқармаси бошлиғи Шамс Нурализодага қаттиқ хайфсан берилди. "Қаттиқ режимли колонияда юз берган исён тергов қилиниши жараёнида прокуратура ходимлари томонидан совуққонлик фактлари аниқланди. Жумладан, улар маҳбусларнинг мурожаат ва шикоятларини амалда инкор қилишган",- дея таъкидлайди манба.

Хўжанддаги қаттиқ режимли №3/3 колониядаги исённи Тожикистон Бош прокуратураси тергов гуруҳи тергов қилмоқда. Ўтган ой охирларида ​Хўжанддаги колониянинг исёнда иштирок этган ўндан ортиқ маҳбусига нисбатан янги жиноий ишлар очилди.

Тожикистон расмийларининг таъкидлашларича, исённи бостириш вақтида фақат террорчилар ва ўта хавфли жиноятчилар ўлдирилган. Бироқ бошқа манбалар исён вақтида камида 50 нафар маҳбус ўлдирилганини айтади. Эслатиб ўтамиз, жазони ижро этиш муассасида юз берган исён туфайли колониянинг 7 нафар ходими ҳибсга олинди – улар орасида қамоқхона бошлиғи Файзулло Сафарзода ва режим бўлими бошлиғи Фарҳод Садиров ҳам бор.

XS
SM
MD
LG