Ссылки доступа

Мурод Ражабовнинг қачон бўлиши номаълум томошасига ўқитувчиларга мажбуран чипта сотилмоқда


Жиззах вилояти Дўстлик туманидаги мактаб ўқитувчиларининг билдиришича¸ туманда Ўзбекистон Халқ артисти Мурод Ражабовнинг театрлаштирилган томошасига чипталар мажбуран сотилмоқда. Ўқитувчиларга кўра, 8000 сўмдан пулланган чипталарда томошанинг қаерда ва қачон бўлиши кўрсатилмаган.

Жиззахлик ўқитувчилардан бири, ўзи ва яна бошқа ўқитувчиларни 6 декабрь куни Ўзбекистон Халқ артисти Мурод Ражабовнинг театрлаштирилган томошасига 8000 сўмга (10 доллар атрофида) чипта олишга мажбур қилишганини айтади.

Яна бир жиззахлик ўқитувчига кўра, томошанинг қачон ва қаерда бўлиши ҳақида на билетда ëзилган ва уни сотганлар буни маълум қилган.

– Томошанинг қачон бўлишини, қаерда бўлишини билмаймиз. Сўрасак, ўзимиз айтамиз, дейишди. Баҳорда шунақа битта концертга билет сотишди. Кейин билсак, у концерт аллақачон ўтиб кетган экан. Мурод Ражабовнинг томошасига билетни қўлимизга тутқазиб, оласизлар, дейишди. Директоримиз “Менга мажбурлаб беришди, ўзимнинг чўнтагимдан тўлайманми”, деб дағдаға қилди. Кейин олишга мажбур бўлдик, - дейди жиззахлик ўқитувчи аёл.

Дўстлик туманидаги мактаблардан бирининг директори ўз мактабига туман Халқ таълими бўлими томонидан Мурод Ражабов иштирокидаги томошага 10 дона чипта берилганини эътироф этди.

- Энди биласиз, Районодан бир нарса дейишса, биз муҳокама қилиб ўтирмаймиз. Сўзсиз бўйсунамиз. Қаршилик қилсангиз, мактабга текшириш юбориб, бошимизни оғритишади”, дейди мактаб директори.

Дўстлик туман Халқ таълими бўлими мулозимларидан ўқитувчиларга Мурод Ражабов томошасига чипта сотилганини тасдиқлади, бироқ бу мутлақо ўқитувчилар ташаббуси эканини таъкидлади. “Биз ҳеч кимни мажбурламадик. Ўқитувчилар ўзи "театр келса, бизга билет олиб беринг" дейишгани учун билетларни мактабларга бердик”, деди мулозим.

XS
SM
MD
LG