Ссылки доступа

Тожик журналист аёли эркакларга атиргул тарқатиб оиладаги зўравонликларга қарши курашмоқда


101 та атиргул - Душанбе кўчаларида маҳаллий журналист Сурайё Шуджоат эркакларга тарқатган гул миқдори шунча. У гулларни тарқатар экан «бу атиргулларни рафиқангизга совға қилинг ва унга бўлган муҳаббатингизни тан олишни унутманг», дея эслатиб ўтди.

Сурайёнинг фикрича, гуллар оиладаги зўравонликларга қарши курашдаги энг яхши қуролдир. У «Аёлларга нисбатан зўравонликларга қарши 16 кун» халқаро акцияси доирасида эркакларга атиргул тарқатди. Бу акция 25 ноябрдан 10 декабрга қадар Бирлашган Миллатлар ташкилотининг “Ҳар бир уйдаги тинчликдан - дунёдаги тинчлик сари” шиори остида ўтказилмоқда.

Сурайё ва унинг эри - таниқли журналист Жума Мирзо эркакларга муҳаббат ва романтика рамзи бўлмиш қизил атиргулларни тарқатишди. «Мен бугун 101 нафар эркак қўлида гул билан уйига бориб ўзининг жуфти ҳалолига мулойим сўзларни айтишини истайман. Мен эркаклар нафақат 8 март Халқаро Хотин қизлар кунида, балки шунчаки ҳам аёлларига гул совға қилишларини ҳоҳлардим», - дейди Сурайё.

«Онамнинг исми Садбарг («Роза») эди. Уйимиз ҳовлисида 12 туп атиргул борлигини эслайман. Онам уларни севарди. Онам касал бўлиб қолганида унинг бошида ҳамиша атиргуллар бўларди. Уч йил муқаддам онам вафот этди. Бу акцияни мен онамнинг хотирасига бағишладим», - дейди журналистка.

Сурайёнинг айтишича, ҳамма эркаклар ҳам ундан атиргул олишни исташмаган. «Рафиқасига гул совға қилиш ҳозирча бизда урфга айланмаган», - дейди афсусланиш билан Сурайё.

Душанбедаги олий таълим даргохларидан бирида таҳсил олаётган афғонистонлик талаба Зоир Бобоназарнинг айтишича, бу каби акцияларни аёлларга нисбатан зўравонлик шунчаки одатга айланиб қолган Афғонистонда ҳам ўтказиш керак. «Биргина гул ҳам оилага тинчлик ва муҳаббат олиб кириши мумкин», - дейди Зоир Бобоназар.

XS
SM
MD
LG