Ссылки доступа

Ўзбекистонда 1177 нафар мансабдор шахс жиноий жавобгарликка тортилган – Мирзиёев


Ўзбекистонда 1177 нафар мансабдор шахсларга нисбатан жиноий иш қўзғатилиб, жавобгарликка тортилган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 7 декабрь куни мамлакат Конституцияси қабул қилинганининг 26 йиллиги муносабати билан ташкил этилган тантанали маросимда маълум қилди.

“Коррупцияга қарши курашда ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар қанчалик ҳаракат қилмасин, халқимиз бу жирканч иллатга муросасиз бўлмас экан, таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатмас экан, бу балога қарши самарали курашни ташкил эта олмаймиз. Бу иллат билан нафақат ҳуқуқни муҳофаза қилувчи идоралар, балки ҳар бир жамоа жиддий курашиши керак. Шунинг учун ҳар бир давлат идорасида жамоатчилик томонидан назорат қилинадиган коррупцияга қарши курашиш бўйича ўз ички дастурлари бўлиши шарт”, деди Мирзиёев.

Давлат раҳбари мамлакатда коррупция қарши давомий ислоҳотларни олиб боришни қатъият билан айтаркан, бунинг учун жаҳон тажрибасини ўрганиш, Олий Мажис палаталари фаолиятига тадбиқ этиш заруриятига тўхталди.

“Жаҳон тажрибасига назар ташласак, АҚШ, Россия, Буюк Британия, Болгария, Греция, Латвия, Эстония каби кўплаб мамлакатларнинг парламентларида коррупцияга қарши курашиш бўйича комиссия ва қўмиталар мавжуд.

Ана шу илғор хорижий тажрибалар ва Конституциямиз талаблари асосида Олий Мажлис палаталарида Коррупцияга қарши курашиш бўйича қўмиталар ташкил қилишни таклиф этаман. Ушбу қўмиталар барча бўғиндаги давлат идораларида коррупцияга қарши курашни янада кучайтиришга вакиллик органи сифатида муносиб ҳисса қўшиши лозим”.

XS
SM
MD
LG